БОҚИЙ МЕРОС САДОСИ
2026-06-03 15:50:00 / Янгиликлар

«Қўшработ навоси – 2026» республика кўрик-танловида Навоий вилояти бахши ва жировлари юқори маҳорат намойиш этди.
Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида ўтган кўрик-танлов мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган 50 нафардан ортиқ моҳир бахши, оқин ва жиров ижрочиларини бир даврага жамлади. Икки кун давом этган маданий баҳсларда мумтоз халқ достонлари, ижтимоий ва фалсафий термалар жонли ижрода, домбира ва қўбиз сингари миллий созлар жўрлигида янгради.
Фольклоршунос олимлар ва санъат арбобларидан иборат нуфузли ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг матн мукаммаллиги, соз чалиш маҳорати ва овоз имкониятларини холисона баҳолаб борди.
Танловда Навоий вилояти шарафини ҳимоя қилган иштирокчилар ўзларининг қадимий ижро йўналишлари билан ҳакамлар ва томошабинлар эътирофига сазовор бўлди.
Улар орасида Учқудуқ туманидаги “Қизилқум” маданият уйи қошида фаолият юритаётган “Ёш дўмбирачилар” тўгараги иштирокчиси Елдос Абдукадиров ҳам ўз иқтидорини намойиш этди.
Умидли ёш бахши Елдос тўгарак раҳбари Жани Алпамисовдан дўмбиранинг қадимий оҳанглари, толғау ва термаларни маромига етказиб ижро этиш сир-асрорларини ўрганаётган кўплаб ёшларнинг бири.
Тадбир якунида барча фаол иштирокчилар ва ғолиблар ташкилотчилар томонидан диплом, фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Бу каби танловлар аждодлар меросини келажак авлодга соф ҳолида етказишга хизмат қилаверади.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ
