Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин
2026-05-27 07:10:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Ассалому алайкум азиз тумандошлар!
Қадрли жамоат!
Сизларни меҳр - оқибат, эзгулик ва саховат айёми, Ислом оламидаги улуғ байрам, Ийд ал-Адҳа байрами муборак Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Бу қутлуғ айём асрлар давомида халқимиз маънавий ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб, жамиятимизда ўзаро оқибат, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, ушбу байрамнинг файзу баракоти қалбларимизни, хонадонларимизни мунаввар ва хушнуд айласин. Юртимизга тинчлик-хотиржамлик, юртдошларимизга тани-сиҳатлик, оилаларга фаровонлик олиб келсин, дея эзгу тилакларимни билдираман!
Ҳурматли тумандошлар!
Дарҳақиқат, ҳар бир хонадонда кўтаринкилик билан нишонланадиган қутлуғ Қурбон ҳайитида ҳаммамиз аввало шундай кунларга етказгани учун Оллоҳ таолога чексиз шукроналар айтамиз.
Шу кунларда яхшилик, сабр - қаноат ва меҳр - эътибор сингари эзгу фазилатларни ўзида мужассам этган бу байрамнинг маъно мазмуни ҳамда халқимиз ҳаётида тутган ўрни ва аҳамиятини барчамиз янада чуқур ҳис этмоқдамиз.
Муҳтарам Президентимизнинг “Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида” ги қарори қабул қилинди. Халқимизнинг қадимий ва бетакрор байрамларидан бири бўлган муборак айёмни мазмун-моҳиятига мос тарзда нишонлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирларни белгилаб бердилар.
Жумладан, оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган 10 минг нафар болада жарроҳлик амалиёти ўтказиш, 2,3 минг нафар онкологик, гематологик ва онкогематологик ташхиси қўйилган беморларни тиббий текширувдан ўтказиш, даволаш ва жарроҳлик амалиётлари, шунингдек, камида 350 нафар беморда жигар ва буйрак трансплантацияси амалиётларини ўтказиш харажатларини қоплаш кўзда тутилган.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. 8 минг нафардан зиёд етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган ота-оналарнинг фарзандларининг омонат ҳисобварақларига 200 АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари ўтказиб берилади.
Бундан ташқари, 500 та масжидда аҳоли учун қулай шароитлар яратиш мақсадида замонавий таҳоратхоналар қуриш, реконструкция қилиш ёки таъмирлаш, шунингдек, жойлардаги қабристонларни обод қилиш ишлари амалга оширилади.
Давлат таъминотидаги оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар озиқ-овқат тўпламлари билан таъминланади.
Мазкур чора-тадбирлар “Вақф” хайрия жамоат фондига ажратиладиган 690 миллиард сўм маблағ ҳисобидан молиялаштирилади.
Ҳурматли тумандошлар!
Айтиш жоизки, мазкур саховат ва кўмак тадбирлари Учқудуқ туманида ҳам изчил давом эттирилмоқда.
«Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан 89 та кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган учқудуқлик оилалар ҳамда якка-ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олинди. Уларга кундалик ҳаёт учун энг зарур бўлган 10 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат хайрия тўпламлари тарқатилди.
10 нафар учқудуқлик болаларда жарроҳлик амадиётини ўтказиш учун ваучерлар тарқатилди. Операция амалиётининг харажатлари 100 фоиз қоплаб берилади.
Шунингдек, мавжуд зиёратгоҳ ва қабристонларни тозалаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Яна бир эътиборли жиҳати, ушбу муборак кунларни мазмунли ва кўтаринки кайфиятда ўтказиш учун Қурбон ҳайити муносабати билан юртимизда дам олиш кунлари эълон қилинганидан хабарингиз бор, албатта!.
Ишонаманки, бундай қулай шароит байрамнинг файзу тароватини, қадр-қимматини янада оширади.
Азиз учқудуқликлар!
Барча дунё мусулмонлари Ийд ал-Адҳа – Қурбон ҳайитини катта шукуҳ ва хурсандчилик билан нишонламоқдалар. Яна шу кунларда 10 нафар учқудуқлик биродарларимиз ҳаж сафарида бўлиб, Яратгандан Ватанимиз тараққиёти, халқимиз равнақини сўраб Маккаи мукаррамада, Арафот ва Мино водийсида дуои хайрлар қилмоқдалар.
Бинобарин, ушбу ҳордиқ кунлари – мўътабар ота-оналарни зиёрат қилиш, беморлар ва муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, яқинлар билан дийдор кўришиш, юртимиз бўйлаб саёҳатларни амалга ошириш учун бу – яна бир қулай имконият, десак, тўғри бўлади.
Сиз, азизларни ва бутун учқудуқликларни Қурбон ҳайити билан яна бир бор муборакбод этиб, байрамни оила, дўстлар ва яқинлар билан бирга файзли ва мазмунли ўтказишингизни тилайман!.
Азиз юртдошлар!
Жаннатмакон юртимизни турли бало-офатлардан Яратганнинг ўзи асрасин, кейинги Қурбон ҳайити кунларига сиҳат-саломатликда етиб боришимизни ҳаммамизга Аллоҳнинг ўзи насиб этсин. Юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик, Юртбошимизнинг эл-юрт манфаати йўлидаги хайрли ишларига юксак муваффақиятлар ёр бўлсин!
Ватанимиз истиқболи порлоқ, диёримиз тинчлиги ва осойишталиги бардавом, халқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлишини Парвардигордан сўраб қоламиз. Келаётган қутлуғ байрамнинг файзу баракоти қалбларимиз ва хонадонларимизни мунаввар ва хушнуд айласин.
Ийд ал-Адҳа – Қурбон ҳайити ҳайити муборак бўлсин, қадрли тумандошлар!
Байрам шукуҳидан қалбларимиз янада нурафшон бўлсин!
