ЭЗГУЛИК ВА САХОВАТ АЙЁМИ
2026-05-25 18:10:00 / Янгиликлар

Муқаддас Қурбон ҳайити байрами — қалблардаги меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик туйғуларини янада юксалтирадиган улуғ айёмдир. Ушбу қутлуғ кунларда кўмакка муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, уларнинг хонадонларига байрам қувончини олиб кириш халқимизнинг гўзал қадриятларидан бири саналади.
Бу хайрли анъанани давом эттирган ҳолда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан мамлакатимиз бўйлаб кенг қамровли хайрия тадбирлари амалга оширилмоқда. Ана шундай хайрия карвони Учқудуқ туманида ҳам етиб келди.
Байрам муносабати билан фонд томонидан 89 та кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган оилалар ҳамда ёлғиз учқудуқлик кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга кундалик ҳаёт учун энг зарур бўлган 10 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат хайрия тўпламлари тарқатилмоқда.
Эътиборлиси, ушбу тўпламлардан ун, ёғ, шакар, гуруч, макарон, чой ва бошқа бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари ўрин олган.
Бу каби тадбирлардан кўзланган асосий мақсад — жамиятда меҳр-шафқат муҳитини янада мустаҳкамлаш ва Қурбон ҳайитт шукуҳини ҳар бир хонадонга етказишдир.
Ёрдам олган учқудуқлик хонадон эгалари кўрсатилган бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик учун ташкилотчиларга ҳамда юртимиз равнақига дуолар қилиб, ўз миннатдорчиликларини билдирмоқдалар.
Байрам кунларида амалга оширилаётган бундай эзгу амаллар юртимизда ҳеч бир инсон эътибордан четда эмаслигининг, бирдамлик ва олийжанобликнинг ёрқин намунасидир.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ
