ОТАЛИҚҚА ОЛИНГАН ЁШЛАР БАНДЛИГИ — КЕЛАЖАККА ҚЎЙИЛГАН МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОР
2026-05-21 17:55:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда Ўзбекистонда ёшлар сиёсати мутлақо янги босқичга кўтарилди. Айниқса, кўмакка муҳтож, ишсиз ёки ҳаётда ўз йўлини топишда қийналаётган йигит-қизларни давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига «оталиққа бериш» тизими ўзининг юксак самарасини кўрсатмоқда.
Бу шунчаки расмий топшириқ эмас, балки ёшлар тақдирига дахлдорлик ва уларни жамиятнинг фаол аъзосига айлантиришга қаратилган ҳаётий ҳаракатдир.
Бу борада Учқудуқ туманида ҳам ижобий саъй-ҳаракатлар олиб борилиб, йил бошидан бери 90 нафар ана шундай ёшлар 5 та корхона ва ташкилот раҳбарларига бириктирилган эди.
Ёшлар томонидан бандлик, имтиёзли кредит олиш, профилактик ҳисобдан чиқаришга доир 59 та муаммоли масалалари рўйхатга олинган.
Ҳозирда уларнинг 50 та муаммоли масаласи ижобий ҳал этилган.
Ана шундай ёшлардан бири Озод Рамазанов, Учқудуқ туман ҳокими Учқун Елмуратов оталиғиға бириктирилган эди. Куни-кеча унинг масаласи ижобий ечимини топиб, “MUNIS” савдо мажмуасида иш бошлади.
Бугун “Пайшанба – Ёшлар куни” муносабати билан туман ҳокими Учқун Елмуратов мазкур савдо мажмуасида бўлиб, оталиқдаги Озод Рамазанов билан учрашди ва унинг меҳнат фаолияти билан яқиндан танишди. Ҳозирда у ёрдамчи менежер бўлиб ишлаб келмоқда.
Суҳбат давомида туман раҳбари Озод Рамазановнинг иш шароити, маоши, жамоадаги муҳит ва келажакдаги режалари билан қизиқди.
Эътиборлиси, савдо мажмуасида ёш ходим учун барча қулайликлар яратилган. Мажмуа раҳбарияти томонидан унга тажрибали мутахассислар бириктирилиб, савдо ва маркетинг сирлари ўргатилмоқда.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
