ЎЗБЕКИСТОН ИҚТИСОДИЁТИНИНГ ПОЙДЕВОРИ – КОНЧИ ВА МЕТАЛЛУРГЛАР БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК!
2026-05-13 19:40:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Учқудуқ туман ҳокими Елмуратов Учқун Файзуллаевичнинг “Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати ходимлари” куни муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табриги!
Ассалому алайкум азиз учқудуқликлар!
Ҳурматли соҳа фидоийлари!
Мамлакатимизда май ойининг учинчи якшанбасида, Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни сифатида кенг нишонланмоқда.
Шу муносабат билан кўп минг сонли Навоий кон металлургия комбинати ҳамда Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги меҳнат жамоаларини ва соҳа ходимларини касб байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман!
Дарҳақиқат, кончилик – машаққатли шу билан бирга шарафли касблардан бири. Мураккаб иш ва иқлим шароитларида фидокорона меҳнат қилиб келаётган ишчи-хизматчилар, геолог ва муҳандислар, қурувчилар қўйингки барчалари қазилма бойликларни қидиришдан бошлаб, маъдан-ларни қазиб олиш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи юксак маҳорат билан уддалаб келмоқдалар.
Айтиш жоизки, мамлакатимизда кончилар ва металлургия саноати ходимларига берилаётган эътибор ва ғамхўрлик туфайли соҳа фидоийлари олдига қўйилган вазифаларни юқори даражада бажаришда куч ва мадад бўлмоқда.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Бугун Навоий кон-металлургия комбинати турдош корхоналар ичида жаҳонда етакчи ўринларда турадиган энг йирик саноат корхоналаридан бирига айланган. Олтин қазиб олиш бўйича республикамиз Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида иккинчи, аҳоли жон бошига тўғри келадиган олтин бўйича эса биринчи ўринни эгаллайди.
Қизилқум ҳудудида аниқланган қимматбаҳо қазилма бойликлар захирасининг 85 фоизи Навоий кон-металлургия комбинати ҳиссасига тўғри келади. Шу боис, комбинатни ҳақли равишда мамлакатимиз тоғ-кон саноатининг пешқадами, дейиш мумкин.
Азиз учқудуқликлар!
Қизилқум табиатининг инжиқликларига қарамай, элу-юрт манфаатлари йўлида тинимсиз меҳнат қилаётган ишчи-ходимларга муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиш барча раҳбар-мутасаддиларнинг биринчи галдаги вазифасидир.
Жумладан, “Довғизтов” конида 250 ўринли ошхона ва ичимлик сув омборини қуриш, “Шарқий” конида ишчи-ходимлар учун 2400 ўринли маиший бино ҳамда товар моддий бойликларни сақлаш омборини кенгайтириш ва реконструкция қилиш, 3-гидрометаллургия заводи ҳудудида янги қўриқлаш шахарчасини қуриш лойиҳалари бўйича кенг кўламли қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, авваллари, ер ости бойликларини қазиб олиш базаси ҳисобланган ушбу ҳудуд айни пайтда йирик саноат марказига айланиб бормоқда.
Катта-кичик ишлаб чиқариш корхоналари, замонавий маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари барпо этилмоқда. Энг муҳими, учқудуқликлар истиқлол ислоҳотлари моҳиятини теран англаган ҳолда Ватан тараққиётига муносиб улуш қўшмоқдалар.
Азиз ҳамкасблар!
Бугун дўстликнинг намунаси амалда ўз исботини топган жамоа аҳли мамлакат истиқлолини мустаҳкамлаш йўлида бор билим ва салоҳиятини сафарбар қилган ҳолда меҳнат қилмоқдалар.
Ҳар бир иш кунингизда хавфсизлик ва юқори унумдорлик, машаққатли ва шарафли меҳнатингизга барака берсин!
Хонадонларингиздан файзу барака, юртимиздан тинчлик-осойишталик асло аримасин!
Касб байрамингиз муборак бўлсин, азиз кончилар ва металлурглар!
Эътиборингиз учун рахмат!
