УЧҚУДУҚДА ИЧКИ ЙЎЛЛАРНИ ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИ АВЖИДА
2026-05-12 16:45:00 / Янгиликлар
Ҳар қандай ҳудуднинг иқтисодий ривожланиши ва аҳолининг кайфияти кўп жиҳатдан йўлларнинг ҳолатига боғлиқ. Айниқса, чекка маҳаллалар ва бозор атрофидаги ички йўлларнинг равонлиги савдо-сотиқ ривожи ва транспорт қатнови учун ҳаётий заруратдир.
Шу мақсадда, Учқудуқ туманидаги “А.Темур” кўчасини замонавий хизматлар марказига айлантириш лойиҳаси доирасида ички йўлларни таъмирлаш ва инфратузилмани яхшилаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Белгиланган режага кўра, “Учқудуқ – деҳқон бозори”га элтувчи йўлни янгилаш ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига туташ ҳудудларни ободонлаштириш учун жами 1 861,1 млн сўм маблағ йўналтирилган.
Шу кеча-кундузда амалий ишлар натижасида 667,2 млн сўм маблағ эвазига бетон ва тупроқ ишлари, 252 пм. сув қочириш лотоклари ва лотоклар устига 36 м. металл қувурлар ҳамда 170 пм. темир-бетон бордюрлар ўрнатиш ишлари олиб борилган.
Шунингдек, 4345 м.кв жойга қум-шағал аралашмасидан 20 см. қалинликда асос қуриш ишлари амалга оширилган.
Эътиборлиси, 58 тонна иссиқ асфальтётқизгич ёрдамида 5 см. қалинликда қоплама қурилиб, бетон плиткалардан пиёдалар ва велосипедлар учун йўлакча қуриш ишлари олиб борилаётир.
Айтиш жоизки, таъмирлаш жараёнида йўлларнинг чидамлилиги ва сифатига асосий урғу берилмоқда. Учқудуқ туман ҳокими Учқун Елмуратов раҳбарлигида соҳа масъуллари ва мутахассислари томонидан ҳар бир босқич қаътий назорат қилиб борилмоқда. Негаки, бугунги сифатли йўл — эртанги тежамкорлик ва хавфсизлик демакдир.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.

