БУРЧ, ЖАСОРАТ, МАТОНАТ!
2026-05-08 11:30:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Ассалому алайкум муҳтарам фахрийлар!
Ҳурматли тумандошлар!
Аввало барчангизни ва албатта Ватан озодлиги, юртимиз тинчлиги учун меҳнат фронтида фидойилик кўрсатган табаррук нуронийларимизни - Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 81 йиллиги билан туманимиз фаоллари ҳамда кенг жамоатчилиги номидан самимий қутлайман.
Юртимизда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 81 йиллиги ҳамда 9 май - Хотира ва қадрлаш куни байрами “Бурч, жасорат, матонат!” бош шиори остида бўлиб ўтмоқда.
Жумладан, Учқудуқ туманидаги ҳарбий қисмда “Бурч, жасорат, матонат!” мавзусида ҳарбий-ватанпарварлик тадбири, ёшлар учун “очиқ эшиклар” куни ўтказилди. Ўқув муассасалари, маҳаллалар ва корхона-ташкилот ёшлари иштирокида “Тинчлик – олий неъмат”, “Ватан ҳимояси муқаддас бурч!” мавзусида маърифий тадбирлар ўтказилди. “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди. Болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати аъзолари иштирокида “уч авлод учрашувлари” ташкил этилди.
Ана шундай шукуҳли кунларда 421 нафар Учқудуқнинг мард ва жасур ўғлонлари елкама-елка туриб қонли жангларда фашизм устидан қозонилган ғалабага ўз ҳиссаларини қўшганлигини алоҳида таъкидлаш ўринли. Афсуски, бу мудҳиш урушда уларнинг 172 нафари айни навқирон ёшида ҳалок бўлганини эслаш ниҳоятда оғир, албатта! Ана шу инсонлар хотираси олдида бош эгамиз. Уларнинг буюк жасорати дилларимизда мангу яшайди.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Бугун буюк аждодлар издоши эканлигимизни чуқур ҳис этган ҳолда, бу ёруғ кунларга етиш учун қурбон бўлганлар руҳини шод, хотирасини ёд этишни, мўътабар кексаларимиз дуосини олишни энг муҳими, тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етишни, истиқлол берган имкониятларни асраб-авайлашни ўзимизнинг муқаддас бурчимиз эканини ҳеч қачон унутмаслигимиз зарур.
Учқудуқ тумани марказидаги «Хотира» хиёбонида Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши жангларда қатнашиб, жасорат кўрсатган ва ҳалок бўлган 172 нафар учқудуқлик мард ўғлонларнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида пешлавҳа ташкил қилинди. Уларнинг исми шарифи ушбу пешлавҳага ўйиб ёзилди.
Ҳозирда ушбу маскан ўқувчи-ёшларнинг муқаддас бир гўшасига айлангани ўсиб келаётган ёш авлолднинг ўз тарихига ота-боболарининг жасоратига бўлган қизиқишларидан далолат беради.
Азиз учқудуқликлар!
Бугун туманимизда уруш орти меҳнат фахрийси Кревенюк Анна Ивановна эл-юрт ардоғида истиқомат қилмоқда. Онахоннинг оғир уруш йилларидаги машаққатли меҳнати ва ғалабага қўшган улкан ҳиссаси бугун барча учқудуқликлар учун ибрат мактаби дейиш мумкин.
Бугунги айёмнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у бизни авваламбор сафимизда бўлган афсуски бир нафар фронт орти меҳнат фахрийсига меҳр-оқибат кўрсатиб яшашга, муҳтарам нуронийларимизнинг ҳаётини мазмунли қилиш ҳамда умрини узайтиришга, уларга нафақат мана шундай байрам шодиёналарида, балки ҳар куни, ҳар соатда ғамхўрлик ва меҳрибонлик кўрсатишга ундайди.
Қадрли тадбир иштирокчилари!
Афғонистондаги жанг майдонларида Учқудуқ туманидан 50 нафарга яқин мард ва жасур йигитлари диний экстремизм ва терроризмга қарши жангларда иштирок этишган. Уларнинг 33 нафари бугун тумандошларимиз сафларида бўлишса, яна 2 нафар жасур йигитлар мустақиллик йилларида хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган.
Халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиш, эзгу ишларини давом эттириш – бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг халқимизга хос азалий қадриятдир.
Энг муҳими, юртимизда тинчлик ва барқарорлик мустаҳкамланиб, кўпмиллатли мамлакатимизда ўзаро ҳурмат ҳам ҳамжиҳатлик тобора кенг қарор топаётганини таъкидлаш ўринлидир.
Азиз юртдошлар!
Яна бир бор фурсатдан фойдаланиб, туманимиз аҳлини, муҳтарам фахрийларимизни, ҳамюртларимизни бугунги қутлуғ байрам билан муборакбод этаман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларингизга қут-барака тилай-ман. Доимо ҳаётимизга файз бериб, эл-юртимиз ардоғида бўлиб юришингизни Яратгандан сўрайман.
Бахтимизга ҳамиша омон бўлинг!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
