ҲЕЧ БИР ЖИНОЯТ ЖАЗОСИЗ ҚОЛМАЙДИ!
2026-04-22 11:35:00 / Янгиликлар
Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди томонидан навбатдаги суд жараёнида бир аёлнинг нафс қулига айланиб, фирибгарлик йўлига кириб қолгани кўриб чиқилди.
Норгул (исми ўзгартирилган) эндигина 24 ёшни қаршилаган бўлса-да, осон пул топишни ўзига “касб” қилиб олган. У шу ёшгача икки марта судланган.
Судланувчи Норгул хавфли рецидивист бўлган ҳолда, ўзига тегишли телефон рақами орқали “Telegram” мессенжерида “Хитой–Бишкек оптом нарсалари” номли гуруҳ ташкил этади. У аслида ўзида мавжуд бўлмаган, ижтимоий тармоқлардан олинган турли хил аёллар ва болалар кийим-кечаклари ҳақида ёлғон маълумотларни жойлаштиради.
Шу орқали у аёллар кийимларини сотиб олиш мақсадида мурожаат қилган фуқаро Сабуранинг ишончига кириб, унга бир жуфт аёллар кийими ва бир жуфт оёқ кийимини 380 000 сўмга сотишини маълум қилади. Натижада у Сабурани ишонтириб, ўзининг пластик картасига 380 000 сўм пулни фирибгарлик йўли билан ўтказиб олади. Ва шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборади.
Бундан бехабар “мижоз” ойлар ўтса-да, на пулини, на буюртма қилган товарларни ололмагач, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишга мажбур бўлади. Афсуски, бу аёлга алданган фуқаро фақатгина Сабура эмас эди.
Дастлаб кийим-кечакларни “Temu” иловаси орқали Хитойдан арзон нархларда келтира бошлаган Норгул маълум муддат давомида харидорлар орттиради. Аммо мазкур иловада ишлашда муаммолар юзага келгач, у бу фаолиятни тўхтатади. Шунга қарамасдан, буюртмалар давом этаётганини кўриб, яна ёлғон профиллар орқали арзон товарлар сотишини реклама қилишда давом этади.
Бироқ, бу ёлғонлар кун келиб унинг ўзи учун оғир оқибатларга сабаб бўлди.
Суд ҳукмига кўра, Норгул Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б, г” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари — 16 480 000 (ўн олти миллион тўрт юз саксон минг) сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Шу ўринда айрим юртдошларимизга мурожаат қилмоқчимиз: арзон нарх ҳар доим ҳам фойда келтиравермайди. Интернет орқали савдо-сотиқда, айниқса, танимаган ва ишонч ҳосил қилмаган шахслар билан алоқа қилишда ҳушёр бўлинг. Бир сўм бўлса ҳам, бу сизнинг ва оилангизнинг ҳаққи эканини унутманг.
Ибодулло ЖУМАЕВ, вилоят прокурори катта ёрдамчиси.
Бахриддин РИЗАЕВ, туман прокурори ўринбосари.

