ЖАСОРАТГА ЙЎҒРИЛГАН НАФОСАТ
2026-04-22 11:25:00 / Янгиликлар
Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отряди — интизом, ҳушёрлик ва юксак масъулият талаб этиладиган тизим. Бу жамоада фаолият юритаётган 258 нафар ходим орасида атиги 17 нафар аёл борлиги эса улар зиммасидаги вазифа нақадар салмоқли эканлигини кўрсатади.
Сон жиҳатидан кам бўлишига қарамасдан, аёллар жамоада ўз ўрни ва нуфузига эга. Улар хизматда эркаклар билан бир сафда, барча юклатилган вазифаларни аъло даражада бажармоқдалар. Бунда, ҳамжиҳатлик муҳим аҳамият касб этаётир.
ИҲҚО аёллари орасида кўп йиллик ҳалол меҳнати, тизим ривожига қўшаётган муносиб ҳиссаси учун Проза Майдабекова “НКМК фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Шунингдек, жамоада нафақат малакали ходим, балки ибратли оила бекаси сифатида ҳам ҳурмат қозонган Жамила Кенжаеванинг “Ибратли оила” кўкрак нишонига сазовор бўлгани эса бутун жамоани беҳад қувонтирди.
Ҳа, Жамила опанинг ҳаёт йўли осон кечмади. Қийинчиликлар унинг сабрини синовдан ўтказди. Қадрдон жамоаси маънан қўллагани боис, ўз олдига қўйган мақсадидан чекинмади. Фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратди. Бугун уларнинг ҳар бири ўз касбининг етук мутахассислари бўлиб, элу-юртга муносиб хизмат қилаётир.
Дарвоқе, жамоада спорт ва ижтимоий фаоллик ҳам алоҳида ўрин тутади. Хусусан, Дилафрўз Қодирова, Дилдора Нурова ва Гулзабира Сулейменовалар куни кеча ўтказилган шашка спорт мусобақасида муваффақиятли иштирок этдилар.
Опа-сингилларимиз оиласи учун борини беради, барини қилади, десам тўғри бўлади. Тикувчи қизимиз Гулзода Ҳайдарова фаолиятига разм солсангиз “Ҳунар – ҳунардан унар” деган мақол бежизга айтилмаганлигига ишонч ҳосил қиласиз. У ишдан, фарзандлар тарбиясидан вақт орттириб, ҳунар билан шуғулланади. Оила бюджетига салмоқли ҳисса қўшади.
Айниқса, 35 йиллик иш тажрибасига эга бўлган Марина Каролькова 8 март байрами арафасида НКМК бош директорининг фахрий ёрлиғи билан тақдирлангани барчамизга фахр - ифтихор бағишлади.
Мухтасар айтганда, ҳам ишда, ҳам оилада фидоийлик кўрсатаётган опа-сингилларимиз жамиятимизнинг фахри ва таянчидир. Уларнинг меҳнати ва яратувчанлиги ҳар доим эъзозга лойиқ.
Роҳила БАХАНОВА,
ИҲҚО хотин-қизлар қўмитаси раиси.
