Киберхавфсизликни таъминлаш муҳим масала
2026-04-17 17:50:00 / Янгиликлар
Учқудуқ туман ҳокимлигида кибермаконда содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Унда корхона-ташкилот ва муассаса раҳбарлари, ОАВ ходимлари ва блогерлар ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари иштирок этди.
Тарғибот тадбирида таъкидландики, кибермаконда (интернет, ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар) содир этиладиган жиноятларнинг олдини олиш мамлакатимизда долзарб масалага айланган. Сўнгги уч йилда кибержиноятларнинг умумий жиноятчиликдаги улуши 44,4 фоизга етиб, деярли ҳар иккита жиноятнинг бири ахборот технологиялари билан боғлиқ бўлган.
Учқудуқ туман ИИБ киберхавфсизлик бўйича мутасаддилари томонидан "Кибермаконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш ҳафталиги" – “Cyber-Week” комплекс тарғибот-ташвиқот тадбирлари бўйича атрофлича маълумот берилди.
Ҳозирги ривожланиб бораётган ахборот технологиялари асрида, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида компьютер ва рақамлаштирилган турли хил техникаларни кўришимиз мумкин. Ушбу соҳа ривожланиб боргани сари, бундан ғараз мақсадда фойдаланувчилар ҳам ортиб бормоқда.
Виртуал оламдаги жиноятлар, хусусан, ҳисоб рақамлардаги пулларни ўмариш, пластикдан пул ечиш, ҳаволалар орқали адашиб кириб қолиш натижасида шахсга тегишли барча маълумотларни эгаллаб олиш кўпаяётгани ҳар биримиздан ҳушёр бўлишни талаб этади. Бунда энг аввало тарғибот тадбирларининг самарадорлигини ошириш даркор.
Бу каби тарғибот тадбирларини ўтказишдан мақсад — аҳолининг киберсаводхонлигини ошириш ва хавфсиз кибермакон яратиш орқали фирибгарлик ва ўғирлик жиноятларининг олдини олишдан иборат.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
