НАВБАТДАГИ СЕССИЯ КУН ТАРТИБИДА МУҲИМ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
2026-04-17 17:50:00 / Янгиликлар
Бугун туман ҳокимлиги катта мажлислар залида Халқ депутатлари Учқудуқ туман Кенгашининг навбатдаги 24-сессияси бўлиб ўтди. Унда депутатлар, туман ҳокими ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари, кун тартибида муҳокама қилинган масалаларга алоқадор корхона-ташкилот ва муассаса мутасаддилари иштирок этди.
Сессия ишини туман ҳокими, туман кенгаши депутати Учқун Елмуратов бошқариб борди.
Депутатлар мажлис кун тартибида хотин-қизларни қўллаб қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга кўмаклашиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 20 октябрдаги “Аҳоли ва ҳудудларни фавқулотда вазиятлардан ишончли муҳофаза қилиш соҳасини сифат жараёнидан янги босқичга кўратиш тўғрисида”ги ПФ- 185-сонли Фармони ижроси, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 октябрдаги 665-сонли қарорига мувофиқ Учқудуқ тумани Ободонлаштириш бошқармаси тасарруфидаги ички йўлларни сақлаш ва жорий таъмирлаш ишлари бўйича 2026 йил дастлабки манзилли рўйхатини тасдиқлаш тўғрисидаги масалаларни муҳокама қилдилар.
Шунингдек, корхона-ташкилот раҳбарларининг аҳоли муаммолари ва мурожаатлари билан ишлаш фаолияти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Учқудуқ туман халқ қабулхонаси ахбороти тингланди. Тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимида 2025 йил ҳамда 2026 йилнинг биринчи чораги давомида амалга оширилган ишлар ҳамда Олий Мажлис Сенатининг 2026 йил 12 мартдаги КҚ-325-В-сонли қарори ижроси юзасидан Учқудуқ тумани бюджетининг қўшимча манбаларини аниқлаш ҳамда ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақидаги муҳим масалалар муҳокамалар майдонида бўлди.
Кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Н. Нажмиддинова, туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи И.Қўчқоров, туман “Ободонлаштириш” бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ф.Хасанов, Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси Ж.Алиев, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи ўринбосари Ш.Саттров, иқтисод ва молия бўлими бошлиғи ўринбосари Ж.Бобомуродовларнинг ҳисобот ва ахборотлари эшитилди.
Бундан ташқари, Учқудуқ туман ҳокимлигида 2026 йилнинг ўтган даври давомида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш ҳамда ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида туман ҳокими биринчи ўринбосари С.Ҳамроевнинг ҳисоботи тингланди.
Сессия кун тартибига қўйилган масалалар юзасидан туман Кенгаши депутатлари Л.Каримова, М. Равшанова, Г.Алланова, И.Рахимов, У.Худойқуловлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.
Халқ депутатлари Учқудуқ туман Кенгашининг навбатдаги 24-сессияси кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва ижрога қаратилди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
