Халқ қабулхонасида сайёр қабул ўтказилди
2026-04-16 10:45:00 / Янгиликлар
Туман ҳокими Учқун Елмуратов ҳамда туман прокурори Мақсуд Ортиқов иштирокида Халқ қабулхонасида навбатдаги сайёр қабул ўтказилди. Мазкур қабул давомида фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Сайёр қабулда жами 10 нафар фуқаро бандлик масалалари юзасидан мурожаат қилди. Уларнинг 4 нафарига амалда ёрдам кўрсатилиб, турли ташкилотларга ишга жойлаштирилди. Жумладан, Гулрух Назарова мактабгача таълим муассасасига, Тўмарис Хамидова эса 10-мактабга фаррошлик вазифасига ишга йўналтирилди.
Шунингдек, фуқаро Достон Шукуров ўз мурожаатида туман Ободонлаштириш бошқармасида 0,5 ставкада ишлаётганини билдириб, уни тўлиқ 1 ставкага ўтказишда амалий ёрдам сўради. Ушбу мурожаат масъуллар томонидан ўрганилиб, ижобий ҳал этиладиган бўлди.
Қабул жараёнида нафақат бандлик, балки инфратузилмага оид масалалар ҳам кўтарилди. Хусусан, Чўл гули кўчаси 22-“а” уйда яшовчи фуқаролар томонидан ҳудудни ободонлаштириш масаласи юзасидан мурожаат келиб тушди. Мазкур ҳолат жойига чиқиб ўрганилди.
Ўрганишлар натижасида туман ҳокими кўп қаватли уйлар атрофини бетонлаштириш, ҳудудни ободонлаштириш ва аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича Абай маҳалласи ширкати мутасаддиларига аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берди.
