“Паразитар касалликлардан қандай сақланамиз?”
2026-04-02 13:25:00 / Янгиликлар
Инсон саломатлигига хавф солувчи касалликлар орасида паразитар хасталиклар алоҳида ўрин тутади. Улар кўзга кўринмайди, аммо организмда яшаб, озиқ моддалардан фойдаланади ва турли асоратларга сабаб бўлади. Паразитлар асосан ичак, жигар, ўпка, қон ва ҳатто мушак тўқималарида яшаши мумкин. Мутахассислар таъкидлашича, инсон организмида 200 дан ортиқ турдаги паразитлар яшаши мумкин, шулардан аскарида, остритса, лямбля Ўзбекистон ҳудудида кенг тарқалган.
Паразитар касалликлар кўпинча гигиена қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида келиб чиқади. Ифлос қўл, яхши ювилмаган мева-сабзавот, чала пишган гўшт ва балиқ, сифациз ичимлик суви асосий хавф манбаларидир. Айрим паразитлар уй ҳайвонлари орқали ёки тупроқ билан алоқа натижасида юқади.
Паразитлар организмга тушгач, қуйидаги белгилар кузатилиши мумкин:
о Доимий ҳолсизлик ва тез чарчаш
о Иштаҳа бузилиши ёки кескин озиш
о Қорин оғриғи, ич кетиши ёки қабзият
о Аллергик тошмалар ва тери қичишиши
о Тунда тиш ғижирлатиш (айниқса болаларда)
о Камқонлик ва иммунитет пасайиши
Баъзи ҳолларда касаллик узоқ вақт белгилар бермаслиги ҳам мумкин. Шу боис мунтазам тиббий кўрик муҳим аҳамиятга эга. Паразитар касалликлардан ҳимояланиш учун оддий, аммо муҳим қоидаларга амал қилиш зарур:
Овқатдан олдин ва ҳожатхонадан сўнг қўлларни совунлаб ювиш.
Мева ва сабзавотларни яхшилаб тозалаш.
Гўшт ва балиқни тўлиқ пишириш.
Фақат тоза ва хавфсиз ичимлик сувидан фойдаланиш.
Болалар тирноқларини калта сақлаш ва гигиенага ўргатиш.
Уй ҳайвонларини мунтазам ветеринария кўригидан ўтказиш.
Касаллик ҳар бир одамда индивидуал тарзда кечади, шуни ҳисобга олган ҳолда, қандай даволаниш хулосасини олишдан олдин шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг! Паразитлар кўринмас бўлса-да, уларнинг таъсири сезиларли. Аммо огоҳлик, соғлом турмуш тарзи ва гигиена қоидаларига амал қилиш орқали бу касалликларнинг олдини олиш мумкин. Ҳар биримиз соғлиғимиз учун масъулмиз. Соғлом жамият эса ҳар бир оиладаги тозалик ва эътибордан бошланади.
Учқудуқ туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими
