Амир Темур — фахримиз ва ғуруримиз!
2026-04-02 08:40:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон тарихида халқимиз қалбида чуқур из қолдирган буюк шахслар кўп. Уларнинг ҳар бири ўзининг жасорати, донолиги ва ватанпарварлиги билан миллатимиз шаънини юксалтирган. Ана шундай улуғ сиймолар орасида Амир Темур номи алоҳида ҳурмат ва ифтихор билан тилга олинади. У нафақат буюк саркарда, балки доно давлат арбоби, адолатпарвар ҳукмдор ва бунёдкор шахс сифатида тарих саҳифаларида абадий муҳрланиб қолган. Бугунги кунда буюк аждодларимиз меросини улуғлаш, уларнинг тарихий ўрнини кенг тарғиб этиш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 5-февралдаги “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги ПҚ-46-сон қарори бу борадаги эътиборнинг ёрқин ифодасидир.
Мазкур қарорга мувофиқ, апрел ойи “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилиниб, унинг доирасида умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар ва ҳарбий таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар ҳамда маҳаллаларда темуршунос олимлар, ёзувчилар ва санъаткорлар иштирокида учрашувлар, бадиий-маърифий тадбирлар кенг кўламда ташкил этилиши белгиланган. Бу эса ёш авлод қалбида миллий ғурур, тарихга ҳурмат ва ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда.
Амир Темур 1336-йил 9-апрелда Шаҳрисабз яқинидаги Хўжа Илғор қишлоғида таваллуд топган. У барлос уруғига мансуб бўлиб, ёшлигидан ҳарбий санъатни пухта эгаллаган. Бу ҳақда Шарафиддин Али Яздий ўзининг “Зафарнома” асарида Темурнинг жанг олиб бориш услуби ва қўшинини тартибли бошқариш қобилияти ҳақида батафсил маълумот беради.
Амир Темур давлат бошқарувида ҳам юксак салоҳият кўрсатган. У томонидан яратилган “Темур тузуклари” асари давлатни бошқариш, ҳарбий интизом ва жамиятни тартибга солиш бўйича муҳим манба ҳисобланади. Ушбу асарда адолат, тартиб-интизом ва масъулият каби тамойиллар асосий ўрин эгаллайди. Бугунги кунда ҳам бу асар ўз аҳамиятини йўқотмаган бўлиб, ёшлар учун ҳаётий йўл-йўриқ берувчи, тарбиявий ва маънавий дастур сифатида хизмат қилмоқда.
Амир Темур илм-фан ва маданият ривожига ҳам катта эътибор қаратган. У олимлар, санъаткорлар ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаб, илм-маърифат тараққиёти учун кенг имкониятлар яратган. Айниқса, Самарқанд шаҳри унинг даврида йирик сиёсий, маънавий ва илмий марказга айланган. Бу ерда мадрасалар, кутубхоналар ва илмий мажлислар фаолият юритган. Самарқанд Шарқнинг энг ривожланган маданий масканларидан бири сифатида шуҳрат қозонган.
Бежизга Амир Темурга нисбат бериладиган: “Кимки бизнинг қудратимизга шубҳа қилса, биз қурган иморатларга боқсин” деган ҳикматли сўзлар айтилмаган. Бу ибора унинг бунёдкорлик салоҳияти, меъморчиликка берган эътибори ва давлат қудратини нафақат жангларда, балки ободончилик ишларида ҳам намоён этганини яққол ифодалайди. Натижада унинг авлодлари даврида, хусусан Мирзо Улуғбек замонида илм-фан янада равнақ топди.
Хулоса қилиб айтганда, Амир Темур нафақат буюк саркарда, балки юксак тафаккурли давлат арбоби ва маънавият ҳомийси сифатида тарихда ўчмас из қолдирган. Унинг жасорати, адолатпарварлиги ва илм-фанга берган эътибори бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Амир Темур мероси ёш авлодни ватанпарварлик, қатъият ва комиллик сари етаклайди. Шу боис у бизнинг нафақат тарихий қаҳрамонимиз, балки абадий фахримиз ва ғуруримиз бўлиб қолади.
Ж.Булекбаева
РМММ Учқудуқ туман бўлинмаси раҳбари
