САЙЁР ҚАБУЛДАГИ АКСАРИЯТ МУРОЖААТЛАР ЎЗ ЕЧИМИНИ ТОПДИ
2026-04-01 17:55:00 / Янгиликлар
Бугун “Нуронийлар” масканида туман ҳокими Учқун Елмуратов раҳбарлигида ўтказилган сайёр қабул ўтказилди. Унда корхона ва ташкилот раҳбарлари иштирок этиб, аҳоли мурожаатлари бевосита тингланди.
Сайёр қабулда иштирок этганлар бандлик, соғликни тиклаш, моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда маҳаллалардаги инфратузилмага оид 13 та муаммоли масалалар билан мурожаат қилдилар. Қабул давомида жойида ҳал этиш мумкин бўлган масалалар юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Жумладан, Нафосат Қамариддинованинг фарзандини даволатиш бўйича қилган мурожаати туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Мақсуд Норқуловга юклатилди. Вилоят марказига бориб даволаниш учун ордер ажратиладиган бўлди. Эрйигит Исломовга эса оёғини даволатиш ва томография кўригидан ўтиш учун вилоят кўп тармоқли шифохонасига йўлланма бериш масаласи ижобий ҳал этилди.
Тозагул Дўстмуродованинг ўғли ва келинини ишга жойлаштиришни сўраб қилган мурожаати ижобий ҳал этилди. Ўғли “Мустақиллик” маҳалласида, келини эса “Дўстлик” маҳалласидаги бошқарув сервис компанияларига ишга қабул қилинадиган бўлди. Яна бир фуқаро Ҳамза Тўйевнинг Алтинтау ОФЙ Қулқудуқ овулидаги 1-мактабга жисмоний тарбия фани ўқитувчиси сифатида ишга жойлаштириладиган бўлди.
Сайёр қабулда бандлик масаласида мурожаат қилганларнинг ишга қабул қилинишини назорат қилиш ва бу ҳақда ахборот тақдим этиш туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи Ҳаёт Мирманов зиммасига юклатилди.
Муддат талаб этиладиган мурожаатлар бўйича масъулларга аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди. Баён расмийлаштирилиб, ижроси назоратга олинди.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
