Учқудуқ туман ҳокими Елмуратов Учқун Файзуллаевичнинг 8-март Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан туманимиз аёлларига йўллаган табриги
2026-03-06 19:10:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Ассалому алайкум, азиз ва мўътабар онахонлар!
Мунис опа-сингиллар, дилбар қизлар!
Она табиат тобора чирой очиб, атроф-муҳит яшил либосга бурканган айни шу фусункор айёмда сизларни 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами билан самимий муборакбод этаман!
Сўзимнинг бошида донишманднинг бир нақлини келтирмоқчиман. У фарзанд таълими борасида маслаҳат сўраган кишига шундай деган экан: "Агар ўғлингизни ўқитсангиз, бир кишини ўқитган бўласиз, қизингизни ўқитсангиз, бутун бир жамиятни ўқитган бўласиз". Чунки буюк кишилар ортида буюк оналар ёки фидойи рафиқалари турган бўлишади.
Бинобарин, соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳам ўзининг “Темур тузуклари”да "Аёлларга имкон қадар илиқ муомалада бўлишга ҳаракат қилдим", деб ёзган эди.
Ҳақиқатдан ҳам ҳар бир жамиятнинг обрў-эътибори унинг хотин-қизларга муносабати билан белгиланади.
Шунинг учун ҳам, ҳурматли давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистонда аёллар қадрини ошириш мамлакат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бугун бу ҳаракат халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда.
Муҳтарам Юртбошимизнинг: “Хотин-қизлар ва оила масаласи – бу нафақат бугунги кунимиз, балки эртанги келажагимизни ҳам белгилаб берадиган ҳал қилувчи омилдир. Агар биз меҳр-оқибат ва садоқат тимсоли, хонадонларимиз фариштаси бўлган аёлларга битта яхшилик қилсак, ҳеч шубҳасиз, бу ўнта яхшилик бўлиб қайтади”, деган сўзлари сиз аёлларга бўлган чексиз ҳурмат ва эътиборнинг амалий намунасидир.
Дарҳақиқат, оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолаверади.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 16 февралдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорини барчамиз шоду-хуррамлик ва шукроналик билан кутиб олдик.
Муборак рамазон ойи “Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи” ғояси асосида бўлиб ўтмоқда.
Бу йилги раҳмат ва мағфират ойи айнан хотин-қизлар байрами кунларига тўғри келаётганлигида ҳам улкан маъно мужассам. Табиатан, оналаримз, опа-сингилларимиз меҳру мурувватли бўлиб, фарзандлари ва яқинлари бахту-камоли учун борини ва барини қилишга доимо тайёр туришади.
Қадрли опа-сингиллар!
Ҳозирги вақтда туманимизда раҳбарлик лавозимларида ишлаб, ҳам юклатилган масъулиятли вазифани, ҳам фарзандлар тарбиясини, ҳам уй-рўзғор ишларини ўрнига қўйиб – оила ва жамиятда раҳбар аёл, меҳрибон она мақомига эга бўлган кўплаб опа-сингилларимиз бор.
Эътиборлиси, маҳаллий кенгашда депутатларимизнинг 35 фоизини фаол ва фидойи аёллар ташкил этади. Шунингдек, аёлларнинг улуши тиббиётда – 88 фоизни, таълим соҳасида – 91 фоизни, саноат тармоқларида 16 фоизни ташкил этади. Кичик тадбиркорлик субъектларининг – 65-70 фоизида опа-сингилларимиз етакчилик қилиб келмоқдалар.
Яна ўнлаб аёлларимиз давлат ва жамоат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилмоқда. Улар сафларида давлатимизнинг юксак мукофоти медаль ва орденларга сазовор бўлган иқтидорли ва салоҳиятли хотин-қизларимизнинг борлиги ҳар бир учқудуқликка фахр-ифтихор бағишлайди.
Фурсатдан фойдаланиб, доимо тоғдек таянч бўлиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар жараёнида фаол иштирок этиб келаётганингиз учун сизларга ва туманимизнинг барча хотин-қизларига чуқур миннатдорчилигимни билдираман!.
Азиз ва мўътабар опа-сингиллар!
Таъкидлаш ўринлики, миллий давлатчилигимизнинг қадимий ва бой тарихида аёлларимиз ҳеч қачон давлат ва жамиятнинг бугунгидек юксак эъзоз-эътибори ва ғамхўрлигига сазовор бўлмаган. Бугун опа-сингилларимиз қалбида жўш ураётган шукроналик юртдан ва Юртбошидан миннатдорчилик ҳисси амалий фаолиятимизга кўчиб, ҳар бир соҳада юксак натижаларга эришишга руҳлантирмоқда.
Аёл зотининг қўли гул. Озгина шароит ва имконият берилса, моҳир қўллари билан мўъжизалар ярата олади. Айниқса, оиласи, яқинлари учун барча имконини ишга солади. Президентимиз саъй-ҳаракати билан йўлга қўйилган ижтимоий қийин аҳволдаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Аёллар дафтари” мана шундай қўли гул ва интилувчан аёлларга имконият яратиб бермоқда.
Бу борада Учқудуқ туманида ҳам ўтган 2025 йилда қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Жумладан, 496 нафар хотин-қизлар «Аёллар дафтари»га киритилиб, уларнинг 30 нафари доимий иш билан таъминланди. 28 нафар хотин-қизларга субсидия асосида меҳнат қуроллари сотиб олиб берилди. Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 38 нафар хотин-қизга 823 млн. сўм кредит маблағи ажратилди. Эҳтиёжманд, боқувчиси бўлмаган 76 нафар аёлларга жами 514 млн. сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож, қарамоғида ногирон фарзанди бўлган опа-сингилларимизга 17 млн. сўм ижара компенцасининг 50 фоизи тўлиб берилди. Қарийб, 13 млн. сўм маблағ фарзандларининг шартнома пулларига, 15 млн. сўм эса даволанишлари учун йўналтирилди.
Учқудуқ туманида 2025 йил давомида «Аёллар дафтари» га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этишга жами 560 млн. сўмдан ортиқ маблағ сарфланган.
Бундай хайрли ишлар жорий йилда бутунлай янги босқичда давом эттирилади.
Бу каби факт ва рақамларга батафсил тўхталиб ўтишимнинг боиси, бугун аёлларнинг дарду ташвишлари, уларни қийнаётган муаммоларини бартараф этишга давлат сиёсати даражасида эътибор берилаётганлигини яна бир бор таъкидлашни истардим.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Бугунги кунда аёлларнинг жамиятимизда олиб борилаётган ўзгариш ва янгиланишлар жараёнида, Янги Ўзбекистонни барпо этишда қанчалик фидокорона меҳнат қилиб келаётганини ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.
Энг муҳими, ақл-заковатли, билимли ва истеъдодли хотин-қизларимиз давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида намуна бўлишмоқда. Ана шундай учқудуқлик опа-сингилларимиздан “Қулқудуқ” оилавий шифокорлик пункти катта ҳамшираси Жамила Куанишова юксак давлат мукофоти “Соғлом турмуш” медали, туман тиббиёт бирлашмаси “Саломатлик ва стратегик ривожланиш” институти ҳудудий бўлими бош врачи Гулнара Кожахметова - “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирлангани байрам кунларида барчани беҳад қувонтирди.
Уларни юксак эътироф билан самимий муборакбод этаман!
Муҳтарама опа-сингиллар!
Сиз, азизларни сизларнинг тимсолингизда бутун учқудуқлик аёлларни баҳор ва нафосат байрами билан яна бир бор табриклайман!
Барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчдик-хотиржамлик, файзу-барака тилайман.
Умрингиз узун, иқболингиз зиёда бўлсин! Барча эзгу орзу-ниятларингиз амалга ошсин!
Доимо оилангиз, фарзанду невараларингиз ва яқинларингиз ардоғида бўлиш насиб этсин!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, айёмингиз яна бир бор муборак бўлсин!
Эътиборингиз учун рахмат!.
