Ўзбекистонда 21 ёшдан сўнг никоҳ тузган ёш оилаларга имтиёзлар берилади
2026-03-04 10:25:00 / Янгиликлар
2027-йилдан бошлаб ҳар икки томон камида 21 ёшга тўлиб биринчи марта никоҳдан ўтган ёш оилаларга давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилади. Бу ҳақда президент фармонида белгиланди.
Ҳужжатга кўра, бундай оилалар Ижтимоий реестрга киритилган тақдирда, уларга ажратиладиган субсидия, ссуда ва грантлар амалдаги миқдорларга нисбатан 1,5 баравар оширилади. Мазкур молиявий кўмаклар оила аъзоларининг даромадини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ёки мураккаб ижтимоий вазиятдан чиқишига кўмаклашишга қаратилади.
Шунингдек, никоҳ шартномасини тузган никоҳланувчилар учун ҳам рағбат механизми жорий этилади. Улар никоҳни қайд этишда тўланадиган давлат божидан озод қилинади. Бу орқали оилавий муносабатларда ҳуқуқий маданиятни ошириш ва масъулиятни кучайтириш мақсад қилинган.
Фармонда эрта никоҳларнинг олдини олишга қаратилган қўшимча чоралар ҳам назарда тутилган. Жумладан, никоҳ ёши ва никоҳ тузиш тартибини бузганлик учун жарималарнинг бир қисми бундай ҳолат ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантиришга йўналтирилади. 2026-йил 1-сентябрдан бошлаб ундирилган жариманинг 15 фоизи хабар берувчиларга берилади.
Бундан ташқари, ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача фарзанди бор талабаларга олий таълимни давом эттириш учун “иккинчи имконият” яратилади. 2026—2027-ўқув йилидан бошлаб улар фанлар фарқини топшириш шарти билан ўқишни тиклаши, шунингдек, академик таътил даврида масофавий таълим шаклида ўқишни давом эттириши мумкин бўлади.
Ҳужжат билан ёшларнинг онгли равишда оила қуришини қўллаб-қувватлаш, эрта никоҳларнинг олдини олиш ҳамда барқарор ва мустаҳкам оила институтини шакллантириш устувор йўналиш этиб белгиланди. Фармон ижроси юзасидан масъул идораларга аниқ муддат ва вазифалар юклатилди.
