ҲУДУД ТАРАҚҚИЁТИДА ЯНГИ БОСҚИЧ
2026-02-25 10:20:00 / Янгиликлар
2026 йил 11 февралда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2026 йилда Навоий вилоятини барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–58-сонли қарори вилоятимиз ҳаётида муҳим дастурий ҳужжат сифатида янги саҳифа очди. Мазкур қарор нафақат умумвилоят миқёсида, балки ҳар бир шаҳар, туман, жумладан, Учқудуқ учун ҳам аниқ мақсад ва манзилли вазифаларни белгилаб берди.
Учқудуқ тумани учун белгиланган лойиҳалар қамрови, кўлами ва мазмуни жиҳатидан ҳудудни мутлақо янги ривожланиш босқичига олиб чиқишга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Қишлоқ хўжалиги — иқтисодий ўсиш драйвери
Қарорга мувофиқ, 2026 йилда вилоят қишлоқ хўжалигида 5,7 фоизлик ўсишни таъминлаш вазифаси қўйилган. Учқудуқ туманида эса қишлоқ хўжалиги соҳасида 104,6 фоизлик ўсиш кўзда тутилгани туман иқтисодиётида ушбу тармоқ етакчи ўрин тутишини яққол намоён этади.
Асосий йўналишлар:
чорвачиликни жадал ривожлантириш;
наслли чорва молларини чет давлатлардан олиб келиш;
яйлов ерларидан самарали фойдаланиш;
яйловларда сув таъминотини яхшилаш ва тик қудуқлар қазиш.
Айниқса, Мўғулистондан 5 минг бош зотли майда шохли мол олиб келиш режаси соҳа салоҳиятини ошириш, маҳсулдорликни кўпайтириш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади.
Шунингдек, Жузқудуқ, Боздун, Олтинтов-3, Ферузатош, Жанубий Қирққудуқ, Кокпатас-2 ҳудудларидаги айрим ер майдонларини саноат ва инфратузилма мақсадларига ўтказиш орқали инвестисия лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари кенгаяди. Бу эса туманда янги ишлаб чиқариш қувватларини яратишга замин бўлади.
Сув ва ирригация: ҳаёт манбаи модернизация қилинади
2026–2028 йилларда Навоий ва Учқудуқ тумани марказида ирригация ва суғориш тизимини модернизация қилиш белгиланган. Бу кўп йиллик дарахтларни сув билан барқарор таъминлаш, ер унумдорлигини ошириш ва экологик барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ичимлик суви таъминоти барқарорлигини таъминлаш, сув сифатини яхшилаш, эски қувур ва насос ускуналарини янгилаш қолаверса аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда бевосита таъсир қиладиган сув тармоқларини янгилаш ҳам муҳим аҳамиятга эга саналади. Лойиҳага кўра “Мингбулоқ” ОФЙда 1960–1980 йилларда қурилган сув олиш иншоотини реконструкция қилиш, 78 км янги ичимлик сув тармоғини тортиш режалаштирилган. Бу эса аҳолининг турмуш сифати яхшиланиши демакдир.
Энергетика ва иссиқлик таъминоти: барқарор инфратузилма
1962 йилда қурилган 35/6 кВли “ГПП-22” ва “ГПП-23” подстансияларини модернизация ва реконструкция қилиш вазифаси қўйилганлиги туманда электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш, саноат ва аҳоли эҳтиёжларини тўлиқ қондириш имконини яратади.
Иссиқлик таъминоти тизимини яхшилаш доирасида:
*марказий қозонхонани реконструкция қилиш;
*20 км иссиқлик тармоғини ППУ қувурларга алмаштириш;
*426 та кўп қаватли уй ва 20 та ижтимоий объектга индивидуал иссиқлик пунктлари ўрнатиш режалаштирилган.
Бу эса иситиш тизимини рақамлаштириш ва самарадорликни оширишга хизмат қилади. Мазкур йўналишдаги ишлар 2027–2028 йилларда олиб борилади.
Транспорт — тараққиёт томири
Ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, аҳолининг эркин ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш ҳамда транспорт инфратузилмасини замон талаблари даражасига олиб чиқиш бугунги кунда устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шу мақсадда туманда йўл-транспорт соҳасини тубдан янгилашга қаратилган қатор йирик лойиҳалар белгиланган.
Жумладан, А-379 “Навоий–Учқудуқ (Зарафшон орқали)” автомобил йўлини реконструкция қилиш учун техник-иқтисодий асос ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган. Лойиҳани амалга оширишда халқаро молия институтлари маблағларини жалб этиш режалаштирилгани унинг стратегик аҳамиятга эга эканини кўрсатади.
Шунингдек, Навоий–Зарафшон–Учқудуқ йўналишида электропоездлар қатновини йўлга қўйиш ташаббуси ҳам ҳудуд ривожида янги босқични бошлаб беради. Мазкур ташаббус:
*аҳолининг вилоят марказига бориб-келиш имкониятини енгиллаштиради;
*йўл харажатларини камайтиради;
*транспорт хавфсизлигини оширади;
*экологик тоза ва замонавий транспорт тизимини шакллантиради.
Бундай кенг кўламли инфратузилмавий ўзгаришлар Учқудуқ туманининг инвестисиявий жозибадорлигини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилади.
Саноат ва табиий бойликлар — қиёсий устунлик
Туманда 45 та фаол (894 гектар) ва 20 та бўш (2,8 минг гектар) конлар мавжуд бўлиб, мармар, гранит, каолин каби ерости бойликлари ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш имконини беради.
14 гектар майдонда 3 та кичик саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолият юритиши қурилиш материаллари, мебел ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга хизмат қилади.
Туризм — янги иқтисодий имконият
Туманда муқаддас қадамжолар - Қанарбай ата, Ерлер ата, Бедер ата зиёратгоҳлари ҳамда “Тош ўрмон” ёдгорлигига олиб борувчи йўлларни таъмирлаш ва туристик маршрутларга киритиш орқали туризмни ривожлантириш имкони мавжуд.
Соҳил бўйида истироҳат боғи, меҳмонхона ва умумий овқатланиш объектларини ташкил этиш ташаббуслари эса хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтиришга туртки беради.
Ижтимоий соҳа — инсон қадри устувор
Қарорда ижтимоий йўналишларга ҳам катта эътибор қаратилган:
*3 та оилавий нодавлат МТМ ташкил этилиб, қамровни 95 фоизга етказиш;
*ижтимоий реестрдаги 49 нафар болани қўшимча таълимга жалб қилиш;
*10 934 нафар 40 ёшдан катта аҳолини скринингдан ўтказиш;
*70 нафар ногиронлиги бўлган фуқарони иш билан таъминлаш;
*14 000 нафар ёшни “Беш ташаббус олимпиадаси”га жалб қилиш;
*35 нафар фуқарони хорижий тил ва касб-ҳунар курсларида ўқитиш.
Ўз навбатида бу каби чора-тадбирлар ижтимоий адолатни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва ёшлар келажагини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
ПҚ–58-сонли қарор Учқудуқ тумани учун оддий режа эмас — бу стратегик ривожланиш дастуридир. Инфратузилмани янгилаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, саноат ва туризмни кенгайтириш, ижтимоий ҳимояни кучайтиришга қаратилган вазифалар туманни иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан мутлақо янги босқичга олиб чиқади.
Энг муҳими, мазкур қарорда белгилаб берилган вазифалар амалга оширилиши Учқудуқни барқарор, рақобатбардош ва замонавий ҳудудга айлантиришга туртки бўлади.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
