Рўйхатга олиш жараёнлари қандай кечмоқда?
2026-02-18 09:25:00 / Янгиликлар
Дастлабки маълумотларга кўра, жами хонадонларнинг 95 фоизида истиқомат қилувчи аҳоли рўйхатга олиш жараёнларида фаол қатнашди.
Бу — жуда юқори кўрсаткич бўлиб, фуқароларимиз фаоллик ва масъулият билан ёндашаётганининг яққол ифодасидир.
Иккинчи босқичда Айни пайтда рўйхатга олувчилар — маҳалла еттилиги вакиллари томонидан хонадонма-хонадон юриб, саволномалар планшет қурилмалари орқали электрон тизимга киритилмоқда. Ахборот платформаси барқарор ишламоқда, маълумотлар реал вақт режимида қабул қилинмоқда.
Шунингдек, рўйхатга олувчилар фаолияти GPS орқали кузатиб борилаётгани жараённинг очиқ ва шаффоф ташкил этилганини таъминламоқда. Бу ҳар бир хонадонга ҳақиқатан ҳам ташриф буюрилаётганини тасдиқлайди.
Савол: Рўйхатга олиш натижалари нимага хизмат қилади?
Жавоб: Рўйхатга олиш жараёнларида ҳар бир хонадон ва ҳар бир шахс бўйича тўпланган маълумотлар келгуси йилларда қабул қилинадиган ижтимоий-иқтисодий қарорлар учун асос бўлади.
Хусусан, рўйхатга олиш жараёнида тўпланган маълумотлар:
– маҳалла кесимида аҳоли сони, ёш ва жинс таркибини аниқ белгилашга;
– мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда тиббиёт муассасаларига бўлган реал эҳтиёжни ҳисоблашга;
– йўллар, ичимлик суви, электр таъминоти ва бошқа муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини илмий асосда режалаштиришга;
– томорқа ерлари, чорвачилик, экин майдонлари ва қишлоқ хўжалиги фаолияти бўйича манзилли давлат дастурларини ишлаб чиқишга хизмат қилади.
Яъни, эртанги қарорлар — бугун сиз бераётган аниқ ва ишончли маълумотларга таянади. Шу боис ҳар бир жавоб катта аҳамиятга эга.
Савол: Айрим хонадонларда яшовчи фуқаролар рўйхатга олувчилар борганида эшикни очишмаяпти. Бу ҳолатга қандай муносабат билдириш керак?
Жавоб: Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш — мамлакат тараққиётини аниқ рақамлар асосида режалаштиришга хизмат қиладиган муҳим умуммиллий тадбирдир. Унинг самараси, энг аввало, фуқаролар томонидан тақдим этиладиган маълумотларнинг тўғри ва тўлиқлигига боғлиқ.
Айрим ҳолларда рўйхатга олувчилар борганида эшик очилмаслиги кузатилмоқда. Бу фуқаронинг уйда бўлмаслиги ёки ишончсизлик сабабли юзага келиши мумкин. Шу билан бирга, ҳар бир шахснинг иштирок этиши жуда муҳим.
Агар рўйхатга олувчи келган пайтда эшик очилмаган бўлса, фуқаролардан ўзлари маҳаллага мурожаат қилишлари ёки рўйхатга олувчи билан қайта боғланишларини сўраймиз. Чунки ҳар бир фуқаронинг маълумоти нафақат давлат учун, балки ўзи ва оиласи учун ҳам аҳамиятлидир.
Рўйхатга олиш жараёнида саволларга холис ва аниқ жавоб бериш, хонадонда амалда яшаб турган барча шахсларни тўлиқ кўрсатиш, шунингдек мавжуд қишлоқ хўжалиги ер майдонлари, етиштирилаётган маҳсулотлар, чорва ва паррандалар тўғрисидаги маълумотларни яширмасдан тақдим этиш жуда муҳим.
Бу, энг аввало, сиз, фарзандларингиз, оилангиз келажагини, маҳаллангиз ва туманингиз ривожини белгилашда тўғри қарорлар қабул қилиш учун зарурдир.
Эслатиб ўтамиз, рўйхатга олувчилар махсус бейджикка эга. Агар шубҳа туғилса, бейджикдаги QR-код орқали текшириш ёки 1851 қисқа рақами орқали колл-марказга мурожаат қилиш мумкин.
Яна бир бор таъкидлаймиз: тақдим этилган барча маълумотлар қатъий махфий сақланади ва фақат статистик мақсадларда қўлланилади.
