ТЕЛЕФОН ТАРБИЯЧИМИ? ЁКИ БОЛАЛАР ҚЎЛИДАГИ ЯШИРИН ХАВФ
2026-02-15 16:40:00 / Янгиликлар
Муҳокама учун мавзу
Бугун деярли ҳар бир оилада телефон бор. Катталар иши, ёшлар мулоқоти, болаларнинг ўйини ҳам шу кичик экран орқали амалга ошяпти. Смартфон ҳаётимизни енгиллаштирди, аммо у болалар тарбиясида қандай роль ўйнаяпти? Телефон тарбиячига айландими ёки бола қўлидаги янги хавфга?
Сўнгги йилларда дунё бўйлаб рақамли қурилмалардан фойдаланиш кўрсаткичлари кескин ошди. Турли халқаро таҳлилларга кўра, дунё аҳолисининг катта қисмида шахсий смартфон бор, болалар эса рақамли муҳитга жуда эрта кириб келмоқда. Ўзбекистонда ҳам ҳар бир оилада бир эмас, бир неча телефон борлиги одатий ҳолга айланди. Бу эса боланинг болалиги экран орқали кечаётганини кўрсатади.
Авваллари бола кўчада ўйнаб, тенгдошлари билан тортишиб-ярашиб катта бўлар эди. Бугун эса у жим ўтириб, экранга тикилади. Кўп ота-оналар учун телефон болани тинчлантирувчи, чалғитувчи «қутқарувчи восита»га айланган. Боланинг йиғлаши, инжиқлиги ёки зерикишини босишнинг энг осон йўли — телефон бериш. Аммо шу осонлик ортида катта муаммолар яширинаётгани тобора кўпроқ муҳокама қилинмоқда.
Мутахассислар боланинг эрта ёшдан экранга боғланиб қолиши унинг нутқи, тафаккури ва ижтимоий кўникмаларига салбий таъсир кўрсатишини таъкидлашмоқда. Экран болага тайёр тасвир ва тайёр завқни беради, аммо фикрлаш, савол бериш, жонли мулоқот қилиш имконини камайтиради. Натижада айрим болаларда сўз бойлиги секин ривожланади, диққатни бир жойга жамлаш қийинлашади.
Рақамли муҳитнинг яна бир хавфи — болада тез завққа ўрганиш одатининг шаклланишидир. Телефонда ҳар нарса тез ва осон: ўйин ютилади, видео алмаштирилади, зерикишга жой қолмайди. Реал ҳаёт эса сабр, кутилмаган қийинчиликлар ва мулоқот талаб қилади. Шу боис экранга кўп боғланган бола жаҳлдор, тоқатсиз бўлиб қолиши, чекловларга қарши қаттиқ реакция билдириши мумкин.
Бугун нафақат болалар, балки катталар орасида ҳам телефонисиз қолишдан қўрқиш, доим экранни текшириш одати кучаймоқда. Бу ҳолат инсоннинг кундалик ҳаётига салбий таъсир кўрсатиб, уйқу бузилиши, руҳий безовталик, ижтимоий муносабатлар заифлашишига олиб келмоқда. Бундай муҳитда ўсиб келаётган бола учун телефон табиий «ҳаёт тарзи» сифатида қабул қилина бошлайди.
Шу билан бирга, телефонни мутлақо ёмонлаштириш ҳам тўғри эмас. Тўғри танланган контент, чекланган вақт ва катталар назорати остида гаджет бола учун маълум маънода фойдали бўлиши мумкин. Таълимий видеолар, интерактив дастурлар, тил ўрганиш иловалари боланинг қизиқишини ошириши эҳтимолдан холи эмас. Муаммо телефоннинг ўзида эмас, балки унинг қандай ва қанча ишлатилаётганида.
Асосий хато — телефонни тарбиячи ўрнига қўйишдир. Экран болага эътибор, меҳр ва жонли мулоқот ўрнини боса олмайди. Боланинг ҳиссиётлари, қўрқувлари, хурсандчилиги ота-она билан суҳбат орқали шаклланади. Агар бола эрта ёшданоқ барча эҳтиёжларини экран орқали қондиришга ўрганса, у реал муносабатларга қийналиб киришади.
Мутахассислар бола ҳаётида гаджетдан фойдаланишни тақиқлаш эмас, балки унга аниқ чегара қўйиш муҳимлигини таъкидлайди. Телефон овқат пайтида, уйқудан олдин ёки жонли мулоқот ўрнига ишлатилмаслиги керак. Энг муҳими, катталарнинг ўзи ҳам намуна бўлиши шарт. Доим телефонга қараб турган ота-онанинг боладан бошқача хулқ кутиши хато аслида.
Катталар унутманг телефон болага тарбиячи бўла олмайди. У фақат восита, холос. Тарбия эса жонли муносабат, вақт ажратиш, боланинг дунёсига қизиқиш орқали шаклланади. Агар бу бўшлиқни экран тўлдирса, келажакда жамиятга бефарқ, мулоқотга қийналадиган авлод шаклланиши хавфи ортиб боради.
БОЛАГА ТЕЛЕФОН ҚАЧОН ВА ҚАНЧА ВАҚТГА БЕРИЛИШИ КЕРАК?
Болаларни телефондан бутунлай узиб қўйиш деярли имконсиз. Ота оналардан: “Болаларга телефон бериш керакми ё йўқми?” деб сўраш бефойда, чунки жавоб қандай бўлишидан қатъи назар, ҳар бир ота-она билиб ёки билмасдан фарзандини рақамли муҳитга олиб киради, барибир бир куни бола гаджетни қўлига олади ва ундан фойдаланади. Шу боис бугунги савол “болага телефон бериш керакми?” эмас, балки “қачон, қандай ва қанча вақтга бериш керак?” деган саволга бориб тақалади. Нотўғри вақтда ва назоратсиз берилган гаджет боланинг одатларига салбий таъсир қилиши мумкин, тўғри йўлга қўйилган тартибда эса телефон фойдали воситага айланиши мумкин.
Болага неча ёшдан телефон бериш мумкин?
Мутахассислар жуда кичик ёшда гаджетни боланинг қўлига доимий равишда беришни маъқулламайди. Илк болалик даврида болага экрандан кўра қўл билан ушлаб кўриш, чизиш, ясаш, ўйнаш муҳимроқ. Шунинг учун камида 4–5 ёшгача телефон бола учун асосий “овунчоқ” бўлиб қолмаслиги керак. Бу даврда гаджет ўрнини жонли ўйинлар ва ота-она билан мулоқот босиши мақсадга мувофиқ.
Болалар телефондан қанча вақт фойдаланиши мумкин?
Телефонга ажратиладиган вақт боланинг ёшига қараб чекланиши керак: 3 ёшгача экран билан алоқа имкон қадар кам бўлиши, 3–5 ёшда кунлик 30–40 дақиқа, 6–9 ёшда 1 соатгача, 10–13 ёшда эса 1–2 соат атрофида бўлиши тавсия этилади. Ўсмирлар учун эса вақтдан кўра мазмун муҳимроқ: телефон ўқиш, жисмоний фаоллик ва жонли мулоқотни сиқиб чиқармаслиги шарт. Акс ҳолда гаджет кун тартибининг марказига айланиб қолади.
Телефон болани тинчлантириш воситаси бўлиб қолмаслиги керак
Кўп ҳолларда телефон болани тинчлантириш, овунтириш ёки жим ўтиртириш учун берилади. Бу қисқа муддатда қулай ечимдек туюлади, аммо бола шу тарзда ҳар қандай зерикиш ёки хафаликни экран орқали “босишга” ўрганиб қолади. Кейин эса чеклов қўйилганда жаҳл, йиғи ва қаршилик пайдо бўлади. Шунинг учун гаджет бола ҳиссиётларини бошқариш воситасига айланмаслиги керак.
Контент ва назорат масаласи
Болага берилган телефонда нима кўрилаётгани қанча вақт ўтирилаётганидан кам аҳамиятли эмас. Таълимий ўйинлар, эртаклар ва маърифатли видеолар фойдали бўлиши мумкин, аммо зўравонликка бой ўйинлар, қўрқитувчи видеолар ва агрессив контент боланинг дунёқарашига салбий таъсир қилади. Кичик ёшда ижтимоий тармоқлар ҳам бола руҳияти учун оғир муҳит ҳисобланади. Шу боис назоратсиз экран — хавфсиз экран дегани эмас.
Қоидалар қаердан бошланади?
Телефонга оид қоидалар болага берилган илк кунларданоқ келишиб олиниши керак: овқат пайти ва ухлашдан олдин экран йўқ, ўйинлар вазифалардан кейин, вақт аниқ белгиланади. Энг муҳими, бу қоидаларга катталарнинг ўзи ҳам амал қилиши шарт. Акс ҳолда боладан талаб қилиш самара бермайди.
Болага телефон бериш масаласи тақиқ ёки эркинлик ўртасидаги кураш эмас. Бу — боланинг ҳаётида гаджет қай даражада ўрин эгаллаётганини онгли равишда бошқариш масаласи. Тўғри вақт, аниқ меъёр, мос контент ва ота-онанинг иштирокида телефон бола учун хавф эмас, восита бўлиши мумкин. Аммо экран тарбиячига айланиб қолса, унинг ўрнини ҳеч қандай гаджет тўлдира олмайди.
