Рўйхатга олиш давом этмоқда
2026-02-06 10:45:00 / Янгиликлар
Ассалому алайкум ҳурматли юртдошлар!
Бугун мамлакатимизда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг анъанавий — хонадонма-хонадон юриб маълумот йиғиш босқичи изчил давом этмоқда. Дастлабки икки кунда 44,6 минг хонадонлар рўйхатга олинди.
Жараён белгиланган режа асосида ташкил этилган бўлиб, рўйхатга олувчилар маҳаллалар кесимида фуқароларнинг яшаш манзилларига борган ҳолда саволномаларни электрон шаклда тўлдирмоқда. Барча маълумотлар планшет қурилмалари орқали ягона ахборот тизимига киритилмоқда.
Айни вақтда қўлланилаётган махсус ахборот платформаси барқарор ишламоқда ва тўпланган маълумотлар хавфсиз сақланмоқда. Рўйхатга олувчиларнинг ҳаракатлари GPS технологияси орқали назорат қилинаётгани жараённинг шаффофлиги ва холислигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Агар хонадонингизга келган рўйхатга олувчи сизга нотаниш ёки ишончсиз туюлса, ундан хизмат бейджигини кўрсатишини сўрашингиз мумкин. Бейджикдаги QR-код орқали унинг маълумотларини текшириш ёки 1851 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб қўшимча маълумот олиш мумкин.
Рўйхатга олиш жараёнларида юзага келаётган айрим саволлар бўйича изоҳ ва тушунтиришлар бериб борилмоқда.
Савол: Нега аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг иккинчи босқичига “маҳалла еттилиги” тўлиқ жалб этилмади? Айрим ходимларга логин ва парол берилмади? Уларнинг рағбатлантирилиши қандай бўлади?
Жавоб: Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг иккинчи босқичида “маҳалла еттилиги” тизимидаги барча аъзолар белгиланган тартибда жараёнга жалб этилган. Бироқ ҳар бир ҳудудда рўйхатга олиш ишлари онлайн рўйхатдан ўтмаган аҳоли сони, хонадонлар зичлиги ҳамда амалий эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда ташкил этилган.
Шу боис, айрим ходимларга логин ва парол бириктирилмаган. Логин ва пароллар фақат бевосита саволномаларни тўлдирадиган рўйхатга олувчиларга шахсан берилади. Бу маълумотлар хавфсизлиги, жавобгарлик ва жараённинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилган.
Шу билан бирга, рўйхатга олиш якунларига кўра, жараёнда фаол иштирок этган, сифатли ва аниқ иш ташкил этган “маҳалла еттилиги” аъзолари белгиланган тартибда рағбатлантирилади. Рағбатлантиришда бажарилган иш ҳажми, сифат кўрсаткичлари ва белгиланган қоидаларга риоя этилиши асосий мезон ҳисобланади.
Савол: Рўйхатга олувчилар пул ёки SMS-код сўрашлари мумкинми?
Жавоб: Йўқ. Рўйхатга олувчилар ҳеч қачон пул, SMS-код ёки банкка оид маълумотларни сўрамайди. Пластик карта рақами, банк ҳисоб рақами, пароллар ёки бошқа молиявий маълумотларни сўраш тақиқланади.
Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёни мутлақо бепул бўлиб, фуқаролардан ҳеч қандай тўлов талаб қилинмайди.
Агар кимдир ўзини рўйхатга олувчи деб таништириб, пул ёки SMS-код сўраса, бу фирибгарлик бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда дарҳол тегишли идораларга хабар беришни сўраймиз.
Эслатиб ўтамиз, саволномадаги 71 та савол халқаро экспертлар тавсиялари асосида ишлаб чиқилган, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган ва очиқ манбаларда эълон қилинган. Шу боис, саволларнинг мазмуни билан олдиндан танишиб чиқиш тавсия этилади.
Ҳурматли юртдошлар!
Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири доирасида хонадонингизга келган рўйхатга олувчи - маҳалла еттилиги вакилига саволномада сўралган барча маълумотларни тўғри ва тўлиқ тақдим этишингизни сўраймиз.
Сиз берган маълумотлар аҳолининг яшаш шароити, қишлоқ хўжалиги ҳолати ҳамда ҳудудлар эҳтиёжини аниқлашда муҳим аҳамиятга эга. Айнан шу маълумотлар асосида келгусида ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш чоралари ва давлат дастурлари режалаштирилади.
Эслатиб ўтамиз, рўйхатга олиш жараёнида тақдим этилган барча маълумотлар фақат статистик мақсадларда қўлланилади, солиқ ёки назорат идораларига берилмайди ҳамда қонунчиликка мувофиқ равишда махфий сақланади.
Эътиборингиз учун раҳмат!
