Рўйхатга олиш давом этади
2026-02-05 10:50:00 / Янгиликлар
Ҳозирда мамлакатимизда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг иккинчи босқичи — анъанавий, яъни хонадонма-хонадон юриб маълумот тўплаш жараёнлари давом этмоқда.
Мазкур босқичнинг дастлабки кунида 11 мингдан ортиқ хонадон қамраб олиниб, аҳолига оид маълумотлар планшет қурилмалари орқали электрон ахборот тизимига киритилди.
Айни пайтда рўйхатга олиш учун жорий этилган махсус ахборот платформаси барқарор ишламоқда. Саволномалар регистраторлар — маҳалла вакиллари томонидан аҳоли хонадонларига бевосита борилган ҳолда тўлдирилиб, барча маълумотлар электрон шаклда ахборот базасига киритилмоқда.
Рўйхатга олувчилар, энг аввало, онлайн рўйхатдан ўтмаган фуқаролар, шунингдек, биринчи босқичда саволномани тўлиқ ёки тўғри тўлдирмаган аҳоли хонадонларига ташриф буюрмоқда.
Рўйхатга олувчилар томонидан амалга оширилаётган ҳаракатлар GPS орқали кузатиб борилмоқда. Агар регистратор белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилмасдан, хонадонга бормасдан саволномани тўлдирса ёки маълумотларни асоссиз киритса, бундай ҳолатлар ахборот тизими орқали автоматик аниқланади ва уларнинг планшетида огоҳлантириш юборилади.
Фуқаролардан келиб тушаётган саволларга ўз вақтида жавоб бериш мақсадида 1851 қисқа рақами орқали колл-марказ фаолият кўрсатмоқда. Мутахассислар томонидан саволномани тўлдириш тартиби ва рўйхатга олиш жараёни бўйича тушунтиришлар бериб борилмоқда.
Шу билан бирга, аҳолидан энг кўп келиб тушаётган саволларга тўхталиб ўтамиз.
Савол: Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш саволномасини тўлдирмасам нима бўлади?
Жавоб: Агар саволномани тўлдирмасангиз, сиз яшаётган ҳудуд ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумот тўпланмайди. Натижада, келгусида мактаб, боғча, шифохона, йўл ёки қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш каби ишлар режалаштирилаётганда ҳақиқий эҳтиёжлар инобатга олинмай қолиши мумкин.
Шунинг учун рўйхатга олишда иштирок этиш ҳар бир фуқаро учун муҳим. Чунки ҳар бир тўғри ва холис маълумот юртимиз тараққиётига, аҳоли турмуш шароитини яхшилашга хизмат қилади.
Савол: Маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш учун қандай ахборот тизимлари ишламоқда? Маълумотларим хавфсиз бўладими?
Жавоб: Рўйхатга олиш жараёнида йиғилаётган барча маълумотлар замонавий ахборот хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган махсус электрон тизимларда сақланади.
Маълумотлар шифрланади, учинчи шахсларга узатилмайди ва солиқ, текширув ёки бошқа маъмурий мақсадларда қўлланилмайди. Улар фақат умумлаштирилган статистик таҳлил учун ишлатилади.
Савол: Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш нима беради? Бу кимга ва нима учун керак?
Жавоб: Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш орқали ҳар бир ҳудудда қандай маҳсулотлар етиштирилаётгани, улар ҳудуд аҳолисининг эҳтиёжини қай даражада қондира олаётгани аниқланади. Масалан, қайси жойда сабзавот ёки чорва маҳсулотлари кам, қайси ҳудудда эса имконият кўп экани маълум бўлади.
Шу маълумотлар асосида давлат қайси ҳудудга қандай ёрдам кераклигини, қачон ва қаерда қўшимча сув, техника ёки қўллаб-қувватлаш зарурлигини белгилайди.
Яъни, қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш — аввало аҳолининг озиқ-овқат билан барқарор таъминланиши ва ҳар бир ҳудуд имкониятларидан тўғри фойдаланиш учун керак.
Шу муносабат билан барча фуқароларни рўйхатга олиш жараёнида фаол иштирок этишга, регистраторлар саволларига тўғри, тўлиқ ва холис жавоб беришга чақирамиз.
