ЗАВОД – МУСТАҚИЛЛИГИМИЗ МЕВАСИ!
2026-01-05 16:00:00 / Янгиликлар
ЗАВОД – МУСТАҚИЛЛИГИМИЗ МЕВАСИ!
Бекзод ҲУСАНОВ,
3-ГМЗ директори.
Тобора охирлаб бораётган 2025 йилда 3-гидрометаллургия заводининг 30 йиллиги кенг нишонланди. Бу қутлуғ сана негизида заводнинг залворли ва ёруғ истиқболли тарихи мужассам. Республикамиз мустақилликка эришганига кўп вақт ўтмай, замонавий олтин ишлаб чиқариш корхонасининг қурилиши ва ишга туширилиши кон-металлургия саноатида улкан қадам, ёш давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ёрқин давр бўлди, дейиш мумкин.
Аввалига, 3 дона тегирмон блокида оксидланган маъданларни қайта ишлаган завод йилдан-йилга тегирмон блоклари сонини ошириб борди. Янги инновацион технологиялар ишлаб чиқаришга жадал тадбиқ этилди. Шу сабабли ҳам завод оксидли маъданлар захираси тугаётган даврни талафотларсиз ўтказиб, бу йўналишда янги имкониятлар борлигини амалда кўрсатиб берди.
2008 йилдан сульфидли маъданларни қайта ишлашга мўлжалланган янги технологик мажмуалар барпо этилиши асосида, ишлаб чиқариш жараёнини кенг қамровда давом эттирди.
Бугун заводни дунё олтин ишлаб чиқарувчи саноат корхоналари билан бемалол беллаша оладиган замонавий корхона, десак муболаға бўлмайди. Ана шундай мураккаб техника ва технологияларга асосланган мажмуани маҳаллий кадрлар бошқараётгани эса қувонарли ҳолат, албатта!.
Завод ишчи-хизматчилари, муҳандис-техник ходимларининг фидойилиги ва ватанпарварлиги, касбига садоқати ва масъулияти сабаб, завод фаолиятининг дастлабки йилларида маъданни қайта ишлаш ҳажми 1 272 300 тоннани ташкил қилган бўлса, бугунги кунга келиб ушбу кўрсаткич 10 миллион тоннага етмоқда. Олтинни ажратиб олиш даражаси эса дастлабки 10 йилга нисбатан 8 фоизга ошганини кўришимиз мумкин. Бунда барча ишчи-ходимларнинг қолаверса, корхона фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган Шимолий кон бошқармаси раҳбариятининг ҳам улкан ҳиссаси бор.
Айтиш жоиз бўлса, 3-гидрометаллургия заводи – қатъий тартиб-интизом билан сидқидилдан меҳнат қилувчи ходимларни ўзида жамлаган юксак профессионаллар жамоасидир. Ягона мақсад йўлида бирлашган мазкур жамоа бундан кейин ҳам илғор технологик жараёнларни такомиллаштириш, ишлаб чиқаришга замонавий-инновацион лойиҳаларни жорий этиш, маъданни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш орқали Янги Ўзбекистоннинг фаровон тараққиётига муносиб ҳисса қўшишига шубҳа йўқ.
Сарҳисоб қилинаётган 2025 йилда 3-ГМЗ да маъмурий ва технологик имкониятлар сезиларли даражада кенгайтирилди. Майдалаш цехида янги 7 - 8 тегирмон блоклари ишга туширилиши натижасида маъданни қайта ишлаш ҳажми 25% га оширилди. Ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 130 фоизга ўсди. Флотация цехида SAF-5 цикллараро флотация тармоғи фойдаланишга топширилди. Биооксидлаш цехи эса янги 9-10 модуллар билан кенгайтирилди. Фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш цехи янги ускуналар билан жиҳозланди. Бу каби саъй-ҳаракатлар маъданни қайта ишлаш ҳажмини ошириш имконини берди. Эътиборлиси, 154 та янги иш ўрни яратилди.
Шунингдек, 3-гидрометаллургия заводи ташкил топганлигининг 30 йиллиги муносабати билан “Олтин заводнинг залворли одимлари” номли китоб-альбомнинг нашрдан чиқарилиши корхона учун муносиб туҳфа бўлди.
Аминманки, кунни тунга улаб меҳнат қилаётган жамоанинг ҳар бир ишчи-ходими олдимизга қўйилаётган режа топшириқларни ортиғи билан уддалашга бор билим – салоҳиятини ва куч-ғайратини сафарбар қиладилар.
