ЙИЛ САРҲИСОБИ: Уран ишлаб чиқариш ҳажми ортган
2026-01-05 14:55:00 / Янгиликлар
Фарид БОЗОРОВ,
“Навоийуран” ДК “Учқудуқ” ИЧМ боғлиғи.
ЙИЛ САРҲИСОБИ: Уран ишлаб чиқариш ҳажми ортган
Атом энергияси агентлигининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон уран захиралари бўйича МДҲ давлатлари ичида 2-ўринни, дунё миқёсида эса 10-ўринни эгаллайди. Ишлаб чиқариш ҳажми бўйича дунёдаги ТОП-5 мамлакат қаторига кирган.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда уран саноати жадаллик билан ривожланиб, давлатимиз ва ҳукуматимизнинг бу борада бир қатор қарорлари қабул қилинди. Табиий уран ишлаб чиқариш ҳажми 2030 йилгача мос равишда уч бараварга ошириш бўйича стратегик вазифалар қўйилган.
Яна бир эътиборли жиҳат, Учқудуқ дастлаб уран қазиб олишга ихтисослашган. Шу йиллар давомида Учқудуқ – уран саноати билан бирга ўсди ва тараққий этди дейиш мумкин!. Ҳозирги кунда "Навоийуран" ДКда ишлаб чиқарилаётган ураннинг 15 фоизи “Геотехнологик” кон ҳиссасига тўғри келади.
Рақамларни таҳлил қиладиган бўлсак, 2025 йилда давлат режаси 134 фоизга, бурғулаш ишлари 228,2 фоизга бажарилиб, ўтган йилга нисбатан 171 фоизга ўсиш суръати кузатилмоқда.
Айни вақтда ”Қизилқоқ” кони сўнги йилларда “Навоийуран” ДК геология қидирув йўналишидаги эришилган ютуғи ҳисобланиб, “Учқудуқ” ИЧМ учун асосий минерал хомашё базаси ҳамда истиқболи юқори майдон ҳисобланади.
Ҳудуди Томди туманида жойлашган, Учқудуқ шаҳридан 140 км олисда бўлган “Қизилқоқ” конида 5 та янги маҳаллий сорбцион қурилма, 5 та кислород станцияси ишга туширилди. Жорий йилнинг ўзида кон бўйича сўрувчи қудуқлар сони 23 тадан 610 тага оширилди. 22 км 35 кВ ҳаво электр узатиш тармоқлари қурилди. 2 та бош пасайтирувчи подстанция янгидан қурилиб фойдаланишга берилди.
Шиддатли иқлим шароитида меҳнат қилаётган ходимларга қулай иш ва яшаш шароитларини яратиш доимий диққат марказимиздаги масала. Бугун вахта шаҳарчаси янгидан барпо этилиб, тўлиқ ишга туширилди.
“Учқудуқ” конида “Шарқий қанот – 2” маҳаллий сорбцион қурилма, 280 дона сўрувчи қудуқлар эксплуатацияга берилди. Ускуналарни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 14 км. узунликдаги 35 кВ ҳаво электр узатиш тармоқлари янгидан барпо этилди.
Шунингдек, “Шахта” майдони маҳаллий сорбцион қурилмасида кенгайтириш ишлари олиб борилиб, 85 дона сўрувчи қудуқлар ишга туширилди. Эътиборлиси, геотехнологик кон ҳудудидаги қазиб олиш майдонларини кенгайтириш ҳисобига 38 км 6 кВ ҳаво элект рузатиш тормоғи янгидан қурилди ва фойдаланишга берилди.
Корхонанинг полиэтилен қувурларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида сульфат кислота ишлаб чиқариш цехида алоҳида участка фаолияти йўлга қўйилди. Бу ерда диаметри 50 мм бўлган ПНД қувурлари ишлаб чиқарилмоқда.
“ДЖасага” конида эса Япониянинг JОСМЕG компанияси билан оптимал ўзлаштириш технологиясини танлаш бўйича тажриба-синов давом эттирилмоқда.
Тобора ўтиб бораётган 2025 йилдаги фаолиятимизни сарҳисоб қиларканмиз, Қизилқум саҳроси бағрида яшириб ётган минерал-хомашё - уранни қазиб олиш ишлари ҳар қачонгидан-да, юқори босқичга кўтарилганлигини пайқаш мумкин.
Бундай машаққатли меҳнат замирида “Учқудуқ” ИЧМ да меҳнат қилаётган 1800 нафардан ортиқ фидоийларнинг улкан улуши бор, албатта. Аҳил жамоамиз бундан кейин ҳам ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни қўллаган ҳолда кўплаб лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилган.
