Лоқайд бўлмайлик
2026-01-05 14:40:00 / Янгиликлар
Бисмиллаҳир рохманир рохим.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва аҳли оиласига саломлар бўлсин.
Мамлакатимизда вояга етмаганлар ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва баркамол авлодни тарбиялаш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланган. Ҳозирги кунда аҳолининг 40 фоизи вояга етмаганлар ташкил этади ва бу кўрсаткич масаланинг қанчалик долзарб эканини кўрсатади.
Ўзбекистонда вояга етмаганларни ҳимоя қилиш учун мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган ва самарали ижтимоий ҳимоя тизими жорий этилган. Бу жараёнда ота-она, маҳалла, таълим муассасалари ва кенг жамоатчилик зиммасига улкан масъулият юкланган.
Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳар доим давлатнинг муҳим вазифаси бўлиб келган. Инсон тинч ва хотиржам ҳаёт кечирса, жамиятда тараққиёт ва барқарорлик таъминланади. 2017–2021 йиллардаги Ҳаракатлар стратегиясида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши самарали чоралар аниқ белгилаб берилган.
Ёшлар, айниқса уюшмаган ва иш билан банд бўлмаганлар, касб-ҳунарни пухта ўзлаштиришлари, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятига жалб этилишлари учун шароитлар яратиш бугунги кунда муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Бу жараёнда барча — ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим муассасалари, ота-оналар ва жамоатчилик ҳамкорликда фаол иштирок этиши зарур.
Ёшлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни ёт ғоялар таъсиридан асраш ва бўш вақтларини мазмунли ўтказиш масалалари ҳам муҳим аҳамиятга эга. Масалан, интернет клублар фаолиятини тартибга солиш ва кечки соат 22.00 дан кейинги фаолиятини чеклаш каби чоралар самарали профилактика ҳисобланади.
Президент ташаббуси билан ҳар ҳафтанинг пайшанба куни мамлакатимизда «Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш профилактика куни» сифатида белгиланиб, вояга етмаганларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ота-оналар ҳамда васийлик органларининг масъулиятини оширишда муҳим қадам бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, ёшларни соғлом ва баркамол инсон қилиб тарбиялаш, уларнинг спорт ва маънавий-ахлоқий тарбияси учун барча шароитни яратиш жамоатчилик ва давлат ташкилотлари ҳамкорлигида амалга оширилса, келажакда юксак билимли ва фаол авлод шаклланади. Ота-оналарнинг маслаҳатлари ҳам ёшларнинг тарбиясида асосий аҳамиятга эга.
Учқудуқ туман имом хатиби, аёл-қизлар масалалари бўйича ўринбосари
Тўрақулова Одинахон
