1-СОН ТЕХНИКУМ: МЕҲНАТ, НАТИЖА ВА ИШОНЧЛИ ИСТИҚБОЛ
2026-01-05 10:10:00 / Янгиликлар
Ўтиб бораётган 2025 йил 1-сон техникум учун мазмунли, сермаҳсул ва хотираларга бой йил сифатида тарихда қолмоқда. Таълим сифати ва мазмунини ошириш, педагог кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш ҳамда ишлаб чиқариш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш йўналишларида изчил ишлар амалга оширилди.
Ўқув муассасасида 18 нафар педагог ва 13 нафар ишлаб чиқариш таълими устаси фаолият олиб боради. 2025–2026 ўқув йилида катта ўқитувчилар ҳамда олий тоифали педагоглар сони 50 фоизга ошди, миллий ва халқаро сертификатга эга ўқитувчилар улуши сезиларли даражада ўсди. Устозлар меҳнатига бўлган юксак эътибор натижасида ишлаб чиқариш таълими устаси Азизжон Ваҳобов “Ўрта махсус ва профессионал таълим аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Ўқувчилар ютуқларига тўхталадиган бўлсак, 11 нафари умумтаълим фанларидан A, B, C даражадаги сертификатга, 9 нафари инглиз тилидан B2 халқаро сертификатига эга бўлди. “Беш ташаббус” олимпиадасининг туман босқичида волейбол, стол тенниси ва шахмат спорт турларидан 1-ўринни қўлга киритиб, вилоят босқичига йўлланма олди.
Шунингдек, 2024–2025 ўқув йилида техникумни 135 нафар битирувчи муваффақиятли тамомлаб, уларнинг 98 фоизининг бандлиги таъминланди. Аксарият битирувчи-ёшлар йирик саноат корхоналарида иш бошлади ёки олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттирмоқда.
Эътиборлиси, Навоий кон-металлургия комбинати АЖ, “Навоийуран” ДК, электр ва иссиқлик таъминоти корхоналари билан ўрнатилган ҳамкорлик таълим–ишлаб чиқариш интеграциясини янги босқичга олиб чиқди. Халқаро йўналишда эса Хитой Халқ Республикаси таълим муассасалари билан имзоланган ҳамкорлик меморандуми янги имкониятлар тақдим этиши, шубҳасиз!.
Хулоса қилиб айтганда, 2025 йил техникум ҳаётида мазмунли ютуқлар, мустаҳкам тажриба ва ишончли истиқболлар йили бўлди, дейиш мумкин.
Беҳзод ҚОДИРОВ,
1-сон техникум директори.
