Тўрақўрғон тумани ҳокими Шерали Қосимов Еттикон маҳалласида шахсий қабул ўтказди
2026-06-16 13:00:00 / Янгиликлар

Ушбу маҳалланинг Ҳамроҳ кўчасида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар ичимлик суви ҳамда оқова суви етишмовчилиги масаласида ҳоким номига ариза йўллашганди. Қабулда айнан уларнинг мурожаатига масъуллар иштирокида ечим изланди.
Айтиб ўтилганидек, ўтган ва жорий йилда тумандаги оғир тоифадаги ҳудудларда шу каби муаммолар дастурлар асосида ҳал этилди ва бу ҳаракатлар давом этади. Унгача эса шу кўчада яшовчи аҳолига Наманган каналидан сув тортиш, ичимлик сувини махсус транспорт орқали етказиб бериш режалаштирилди.
Қабулда фарзандини даволатиш, ички кўчани таъмирлаш, Гўзалобод кўчаси хонадонларига электр таъминотини яхшилаш учун қўшимча трансформатор ва бетон таянчлар ўрнатиш, уй таъмири масалаларида ҳам мурожаатлар эшитилиб, шу жойнинг ўзида масъулларга керакли топшириқлар берилди.
Шахсий қабуллар маҳаллаларда давом этади.









