Токиода Япониянинг йирик ишбилармон доиралари билан амалий мулоқот ва музокаралар давом этмоқда
2026-11-11 09:45:00 / Янгиликлар

Японияда хизмат сафарида бўлиб турган Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги вилоят делегацияси мамлакат пойтахти Токио шаҳрига келди ва Япониянинг нуфузли ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув ва музокараларга киришди.
Делегациянинг дастлабки учрашуви Япониянинг тўқимачилик соҳасида салмоқли тажриба ва салоҳиятга эга бўлган «Masui Holdings Co., Ltd.» компанияси вакил директори ва директорлар кенгаши раиси Кэйдзи Масуи билан бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Тошкент вилоятида тўқимачилик саноатини янада ривожлантириш, япон технологиялари ва сифат стандартларини жорий этиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ҳамда экспорт географиясини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, «Masui Holdings» гуруҳининг махсус иплар ишлаб чиқариш бўйича тажрибасидан фойдаланган ҳолда вилоятда ана шундай турдош ашёлар тайёрлаш ва бўяшга ихтисослашган қўшма корхона ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Маҳаллий хомашёдан фойдаланиб, тайёр маҳсулотларни Япония ва Хитой бозорларига экспорт қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, вилоят тўқимачилик корхоналари мутахассисларини Осака шаҳрида япон сифат стандартлари бўйича икки ҳафталик ўқув дастури асосида тайёрлаш, технологлар ва сифат назоратчиларининг малакасини ошириш таклиф этилди.
Учрашувда яна бир муҳим ташаббус — вилоятдаги истиқболли тўқимачилик корхоналарида япон мутахассислари иштирокида сифат аудитини ўтказиш ва унинг натижалари асосида 2027 йилнинг биринчи чорагида Япония бозори учун 2–3 та модель бўйича синов партияларини ишлаб чиқариш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Лойиҳа ва ташаббусларни рўёбга чиқаришди вилоят ҳокимлиги зарур ташкилий кўмак кўрсатиш, жумладан, қўшма корхона учун ер майдони ва маҳаллий ҳамкор топиш, хомашё таъминотини йўлга қўйиш, мутахассисларни танлаш ҳамда япон экспертларининг ташрифларини ташкил этишга тайёр экани маълум қилинди.
Таъкидлаш жоизки, «Masui Holdings» тўқимачилик хомашёси ва маҳсулотларини импорт қилиш, қайта ишлаш ҳамда сотиш билан шуғулланувчи халқаро бизнес гуруҳи ҳисобланади. Унинг таркибида Япония ва Хитойдаги бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд. Гуруҳнинг Тошкент шаҳрида ҳам «MASUI TASHKENT» МЧЖ корхонаси фаолият юритади.
Ушбу учрашув Тошкент вилоятининг тўқимачилик саноатига инвестиция ва илғор технологияларни жалб этиш, маҳаллий корхоналарнинг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини оширишда янги имкониятлар яратиши билан аҳамиятли бўлди.



