Тошкент вилояти ва Айчи префектураси: муносабатлар янги босқичга кўтарилмоқда
2026-11-10 13:45:00 / Янгиликлар

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги вилоят делегацияси хизмат сафари билан Японияда бўлиб турибди.
Ташриф дастури доирасида Зойир Мирзаев Айчи префектураси губернатори Хидэаки Омура билан учрашди.
Учрашувда Тошкент вилояти ва Айчи префектураси ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, Айчи префектураси Япониянинг марказий қисмида жойлашган бўлиб, мамлакатнинг етакчи саноат марказларидан бири ҳисобланади. Хусусан, автомобилсозлик, машинасозлик, робототехника ва юқори технологиялар соҳаларида катта тажрибага эга. Шу жиҳатдан, ушбу ҳудуд билан ҳамкорлик вилоятимиз учун ҳам муҳим имкониятлар яратади.
Мулоқот давомида автомобилсозлик, электротехника, саноат ускуналари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, япон компаниялари билан қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.
Мулоқотда замонавий инновациялар соҳасида ҳам ўзаро тажриба алмашиш муҳимлиги қайд этилди. Хусусан, префектурада фаолият юритаётган ихтисослашган марказлар тажрибасидан фойдаланиш, стартаплар, рақамли технологиялар ва янги ишланмалар бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф этилди.
Таълим ва кадрлар тайёрлаш масалалари ҳам учрашув кун тартибидан ўрин олди. Нагоя университети ва бошқа таълим муассасалари билан муҳандислик, ахборот технологиялари ҳамда касб-ҳунар таълими йўналишларида алоқаларни кенгайтириш, ёшларни япон компаниялари талабларига мос касбларга тайёрлаш ва малакасини ошириш хусусида фикр алмашилди.
Ҳамкорликни тизимли ривожлантириш мақсадида 2027–2029 йилларга мўлжалланган қўшма «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш, устувор инвестиция лойиҳаларини белгилаш учун икки ҳудуд вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этиш таклиф қилинди. Шунингдек, Айчи префектураси ишбилармон доиралари иштирокида Тошкент вилоятида бизнес-форум ўтказиш ҳамда япон тадбиркорлари делегациясининг ташрифини ташкил этиш масалалари илгари сурилди.
Вилоят делегациясининг кунчиқар юртга сафари давом этмоқда.




