Тошкент вилояти – Полша: иқтисодий алоқаларнинг янги истиқболлари
2026-10-23 16:15:00 / Янгиликлар

Айни пайтда Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигининг Тошкент вилояти лойиҳа офиси раҳбари Дилшод Расулов ҳамроҳлигидаги тадбиркорлар Полша Республикасида бўлиб турибди.
Тошкент вилояти ва Полша ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, экспорт имкониятларини ошириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган ташриф доирасида қатор давлат идоралари, соҳавий ташкилотлар ва йирик ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари билан учрашувлар ўтказилмоқда.
Дастлаб, Полша қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Яцек Черняк ҳамда Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш миллий маркази (КОWР) раҳбари Пётр Колада билан музокаралар ташкил этилди. Унда ўзаро савдо ҳажмини ошириш, экспорт маҳсулотлари турини кенгайтириш ва диверсификация қилиш, шунингдек, транспорт-логистика масалаларини ҳал этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида Оҳангарон туманида ташкил этилган “Полша-Ўзбекистон савдо уйи” ва унинг икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги савдо алоқаларини ривожлантириш имкониятларига ҳам эътибор қаратилди.
Шунингдек, “Wодй Полские” ташкилоти вице-президенти Яцек Яржомбек ҳамда Полша инфратузилма вазирлиги вакиллари билан ҳам учрашув бўлиб ўтди.
Суҳбатларда сув хўжалиги ва транспорт-логистика инфратузилмасини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, сув омборларини бошқариш, сувни сақлаш тизимларини ривожлантириш, канал ва насос стансиялари фаолияти самарадорлигини ошириш, шунингдек, сув хўжалигини рақамлаштиришда дронлар ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш бўйича тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, “Ўзсувтаъминот” АЖ вакиллари ва полшалик мутахассислар ўртасида онлайн мулоқот ташкил этиш, тегишли вазирлик ва идоралар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича режалар белгилаб олинди.
Қолаверса, сафар доирасида Полшанинг қатор ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан ҳам танишилди. Жумладан, замонавий қишлоқ хўжалиги ва коммунал техникалар ишлаб чиқарувчи “Пронар” компаниясида техника етказиб бериш, ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорлик ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари ўрганилди.
Органик озиқ-овқат маҳсулотлари ва доривор ўсимликларни қайта ишлашга ихтисослашган “Дарй Натурй” корхонасида эса ишлаб чиқариш жараёнлари, маҳсулотларни қайта ишлаш ва қадоқлаш усуллари кўздан кечирилди.
Шунингдек, Ўзбекистонда етиштириладиган доривор ўсимликларни Полша бозорига экспорт қилиш, уларни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот шаклида таклиф этиш имкониятлари муҳокама қилинди. Бу йўналишдаги тажриба алмашинуви маҳаллий маҳсулотларнинг қўшилган қийматини ошириш ва янги экспорт бозорларини ўзлаштириш учун муҳим аҳамиятга эга.
Айни кунларда давом этаётган учрашувлар ва музокаралар Тошкент вилояти тадбиркорларининг халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш, илғор технологияларни ўзлаштириш ҳамда ўзаро манфаатли иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган. Режалаштирилаётган бизнес-форум ва Б2Б учрашувлари эса икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида бевосита алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.






