Марҳум сўз санъаткорининг тирик ижоди: Бўстонлиқда анъанавий «Э, Воҳ!» адабиёт байрами ўтказилди
2026-10-22 16:55:00 / Янгиликлар

Бўстонлиқ туманидаги «GREEN HILLS RESORT» дам олиш масканида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов номидаги «Э, Воҳ!» республика ўзбек тили олимпиадаси совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 20 октябрдаги ПҚ-308-сон қарорида белгиланган вазифалар ижроси, хусусан, умумий ўрта, ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари ўзбек тили ўқитувчилари ўртасида мазкур олимпиадани анъанавий тарзда ташкил этиш ташаббуси доирасида ўтказилди
Тошкент вилояти ҳокимлиги, «UZREPORT TV» ва Nordic International University ҳамкорлиги ва кўмагида ташкил этилган анжуманда таниқли шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар, ўқитувчилар, ижодкор ёшлар, маънавият тарғиботчилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирдан кўзланган мақсад улуғ шоирнинг бой адабий меросини ёд этиш ва кенг тарғиб қилиш, ёшларда ўзбек тилига меҳр ва ватанпарварлик туйғуларини юксалтиришдан иборатдир.
Мазкур анжуманнинг юртимизда кенг нишонланаётган Ўзбек тили байрами кунларида ўтказилиши бежиз эмас. Шеъриятимизнинг асл заргари бўлган шоирнинг бутун ижоди ва меҳнат фаолияти она тилимизни асраб-авайлаш, унга садоқат ва эҳтиром намуналарини кўрсатиш билан чамбарчас боғлиқдир.
Анжуманнинг бадиий қисмида шоир ижодига бағишланган адабий-маърифий кеча, шеърият ва мусиқа дастурлари, шунингдек, унинг асарлари асосида театр саҳналари намойиш этилди.
Тантанали маросимда Эркин Воҳидов номидаги иккинчи ўзбек тили ва адабиёти олимпиадаси ғолиблари тақдирланди.
Ғолиблар пул мукофотлари билан тақдирланди.
Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Жамшид Бобожонов, Бўстонлиқ тумани ҳокими Жўрабек Аҳмедов ҳамда ташкилотчи ва мутасадди идоралар масъуллари иштирок этдилар.









