“Ҳокимлик соати”: кун тартибида қандай масалалар муҳокама қилинди?
2026-09-28 14:55:00 / Очиқ мулоқот

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев раислигида навбатдаги “Ҳокимлик соати” йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, аҳоли даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартириш ҳамда ёшлар бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар танқидий-таҳлилий руҳда муҳокама қилинди.
Йиғилишда, аввало, аҳоли даромадларини барқарор ошириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлигига эътибор қаратилди. Давлат раҳбарининг жорий йил 3 ва 9 сентябрь кунлари ўтказилган видеоселектор йиғилишларида берилган топшириқлар ижроси доирасида вилоятда “Фавқулодда режим” эълон қилинган.
Белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, айни пайтда вилоятдаги 717 минг хонадоннинг 584 мингтаси, яъни 81 фоизи хатловдан ўтказилган. Ушбу хонадонлар кесимида оилаларнинг даромад манбалари, бандлик ҳолати ва мавжуд имкониятлари ўрганилиб, муаммоларни манзилли ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Камбағаллик даражаси юқори бўлган 92 та маҳаллага вилоят даражасидаги раҳбарлар бириктирилиб, ҳар бир ҳудуд бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Ҳозирга қадар 71 та маҳаллада, яъни 77 фоизида амалий ишлар бошланган.
Шу билан бирга, 21 та маҳаллада белгиланган вазифаларни тўлиқ амалга ошириш ишлари ҳали етарли даражада йўлга қўйилмагани қайд этилди.
Шу муносабат билан маҳаллаларда ҳар бир хонадон билан индивидуал ишлаш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, аҳолини доимий даромад манбаига эга қилиш ҳамда камбағалликдан чиқариш бўйича аниқ натижага йўналтирилган ёндашувни кучайтириш вазифаси белгиланди.
Йиғилишда ёшлар бандлиги масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йилда таълим муассасаларини тамомлаган 77 минг 372 нафар битирувчининг 72,5 минг нафари бандлиги таъминланган.
Бироқ 4,8 минг нафар ёшнинг, яъни 6 фоизининг бандлик масаласи ҳануз долзарб бўлиб қолмоқда.
Масъулларга ушбу ёшларнинг ҳар бири билан индивидуал ишлаш, уларнинг билим, касб ва қизиқишларидан келиб чиқиб муносиб иш ўринларига йўналтириш, тадбиркорлик ва касб-ҳунарга жалб этиш бўйича манзилли чораларни кучайтириш топширилди.
“Ҳокимлик соати”да қайд этилганидек, асосий мезон — бажарилган ишлар сони эмас, балки уларнинг одамлар ҳаётидаги аниқ натижаси.
Шу боис ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир ёш кесимида белгиланган вазифаларнинг ижроси назоратга олиниши таъкидланди.
Муҳокамалар якунида кун тартибидаги ҳар бир масала бўйича масъул раҳбарларга аниқ вазифа ва муддатлар белгилаб берилди. Топшириқлар ижросини таъминлаш, муаммоларни ортга сурмасдан жойида ҳал этиш ва белгиланган ишларни сифатли ҳамда ўз вақтида якунлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.









