Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган тантанали маросимдаги НУТҚИ
2026-08-30 19:05:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар!
Азиз меҳмонлар, тантанали маросим иштирокчилари!
Аввало, барчангизни халқимиз ҳаётидаги энг улуғ ва муқаддас байрам — Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик шодиёнаси билан чин қалбимдан табиклайман!
Истиқлолимизнинг қутлуғ тўйи барчамизга муборак бўлсин!
Бу йилги байрам юртимиз бўйлаб “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган эзгу ғоя асосида нишонланаётганида жуда теран маъно бор.
Негаки, Ватан тақдири, унинг бугуни ва эртанги истиқболи барчамизни бирлаштирадиган, кўп миллатли халқимиз учун муштарак бўлган олий қадриятдир.
Бугунги нотинч дунёда — иқтисодий таназзул ва тебранишлар даврида барчамиз ана шу буюк мақсад атрофида бирлашиб, ўз меҳнатимиз, билимимиз ва бунёдкорлик салоҳиятимиз билан Янги Ўзбекистонда янги ҳаёт, янги тараққиёт барпо этмоқдамиз.
Ҳурматли Президентимиз таъбирлари билан айтганда, сўнгги йилларда юртимиздаги асрларга татигулик ўзгаришларнинг ҳақиқий муаллифи меҳнаткаш ва олижаноб халқимиздир!
Ана шу шарафли йўлда сидқидилдан хизмат қилиб, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлиб келаётган бир гуруҳ юртдошларимиз байрам муносабати билан давлатимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирландилар.
Улар орасида вилоятимизнинг 30 га яқин вакили борлиги барчамизни қувонтиради. Шу билан бирга, вилоятимизда турли соҳаларда меҳнат қилаётган 3 мингдан зиёд ҳамюртимиз “Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонига муносиб кўрилдилар.
Фурсатдан фойдаланиб, барча мукофотланган замондошларимизни ўзим ва вилоятимиз жамоатчилиги номидан самимий қутлайман!
Азиз дўстлар!
Бугун биз она диёримизнинг мустақиллик тўйини муносиб нишонлашга йиғилган эканмиз, босиб ўтган шарафли йўлимизга назар ташлашимиз табиийдир.
Ўттиз беш йил аввал туғилган гўдак бугун ўзининг мустақил фикри, дунёқараши, орзу-истаклари ва мақсадларига эга шахс бўлиб улғайди.
Худди шу сингари, жонажон Ўзбекистонимиз ҳам, ўтган даврда турли синовларда тобланиб, тажриба орттириб, ўзининг аниқ мақсади ва йўли, позициясига эга бўлган катта ва қудратли давлат сифатида шаклланди.
Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охирида собиқ шўро давридаги марказий газетада чоп этилган бир суратга кўзим тушганди. Бу сурат-лавҳада юк машинаси ортида рўзғор халталарини кўтариб, узундан узун навбатга турган одамлар тасвирланган. Сурат тагига эса “Қишлоққа парварда келди” деб ёзилган эди.
Қаранг, ўша даврда оддий озиқ-овқат ва рўзғор маҳсулотлари қанчалар танқис эди, одамлар уларни олиш учун соатлаб навбат кутардилар.
Бунга кўпчиликнинг, айниқса, ёш авлоднинг ишониши қийин. Ўзимизга бир савол берайлик: ҳаётимиз қандай ўзгарди? Бу ўзгаришни ўз хонадонимизда, дастурхонимизда, фарзандларимиз таълими ва келажагида ҳис этяпмизми?
Ўйлайманки, ҳар бир холис замондошимиз бугунги ўзгаришларни эътироф этади. Бинобарин, бугунги кунларнинг энг ишончли гувоҳи ҳам, энг адолатли баҳоловчиси ҳам — азиз ҳалқимизнинг ўзидир.
Айниқса, сўнгги 10 йилда ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчиликларида том маънода ижтимоий, инсонпарвар ва фаровон Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидан собит бормоқдамиз.
Бу хаётбахш ва мўъжизакор ислоҳотлар йўли ҳаётимизни ҳам, онгу тафаккуримизни ҳам тубдан ўзгартириб, инсон қадрини давлат сиёсатидаги энг устувор мезонга айлантирди.
Ҳазрат Мир Алишер Навоий бобомизнинг “Одамий эрсанг...” деб бошланувчи машҳур ҳикматли байтларида айтилганидек, ҳақиқий одамийлик — ўз манфаатингни эмас, эл-юрт ғами ва халқ манфаатини ўйлаб яшаш, Ватан равнақи йўлида хизмат қилишдир.
Асрлар оша ўз қадр-қимматини йўқотмаган мана шу умумбашарий ғоя бугун давлатимиз сиёсатининг мазмун-моҳиятига айланди.
Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг марказида “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя барқарор бўлиб турганига ҳаётимизнинг исталган жабҳасида гувоҳ бўлмоқдамиз.
Жорий йилда вилоятимизда 48,3 мингта эҳтиёжманд оилага 31,7 миллиард сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиб, ижтимоий реестрдаги 40 мингта оилага 166,6 миллиард сўм нафақа ва ижтимоий тўловлар амалга оширилди.
Шунингдек, 1 минг 282 нафар беморда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилиб, эҳтиёжманд оилаларнинг 220 дан ортиқ хонадони таъмирланди.
Байрам арафасида яна 40 нафар эҳтиёжманд беморнинг эндопротезлаш операциялари учун 1,2 миллиард сўм маблағ ажратилгани давлатимиз инсонпарварлик сиёсатининг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Азиз юртдошлар!
Биз, барчамиз бир тану бир жон бўлиб, Тошкент вилоятини замонавий технологиялар, илм-фан, таълим, туризм ва инсон капитали ривожланган, аҳолиси фаровон яшайдиган ҳудудга айлантиришга бел боғлаганмиз.
Хабарингиз бор, ҳурматли Президентимиз яқиндагина вилоятимизга ташриф буюриб, ҳудудларимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишдилар, халқимиз билан мулоқот қилиб, улкан лойиҳаларга тамалтоши қўйиб бердилар.
Айниқса, мана шу муаззам майдондан туриб, вилоятимизнинг юрагига айланиб бораётган янги маъмурий марказ билан вилоятимиз аҳлини қутлаганлари барчамиз учун катта шараф бўлди.
Нурафшон Янги Ўзбекистоннинг қандай бунёдкор ва фаровон келажак сари интилаётганининг ўзига хос тимсолига айланмоқда, деб қайд этдилар ҳурматли Президентимиз.
Дарҳақиқат, Нурафшон аҳолиси аввалги 29 мингдан бугун қарийб 60 минг нафарга етди.
Бу — шаҳар истиқболига ишончнинг, одамлар ўз ҳаёти ва фарзандлари келажагини шу навқирон шаҳар билан боғлаётганининг, уни яшаш учун энг қулай ҳудуд сифатида танлаётганининг яққол ифодасидир.
Шуни ҳам мамнуният билан қайд этамизки, бугун вилоятимизда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 180 триллион 177 миллиард сўмга етди.
2017 йилда аҳоли жон бошига даромад 6 миллион сўмга ҳам етмаган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич қарийб 55 миллион сўмни ташкил этаётгани иқтисодиётимиз қандай даражада ўсганини кўрсатиб турибди.
Сўнгги беш йилда вилоятга 16 миллиард АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинди.
Экспорт ҳажмининг 3 миллиард долларга яқинлашаётгани эса вилоятимиз халқаро бозорларда ҳам ўз ўрнига эга бўлиб бораётганини кўрсатади.
Тарихда биринчи бор юзлаб фермерларимиз пахта ҳосилдорлигини 60 центнердан, ғалла ҳосилдорлигини 100 центнердан оширишга муваффақ бўлдилар.
Ўн йил аввал бирор фермер ғалладан юз центнер, пахтадан олтмиш-етмиш центнер ҳосил олдим, деса, бу гапга биров ишонмас эди.
Энг муҳими, биз энди фақат хомашё етказиб бериш билан чекланмасдан, юқори қўшилган қийматга эга, рақобатбардош ва экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлига ўтдик.
Бу эса вилоятимизни том маънода янги саноат ва инновациялар, чексиз имкониятлар ҳудудига айлантирди.
Қадрли дўстлар!
Хабарингиз бор, яқинда ҳурматли Президентимизнинг тадбиркорлар билан Олтинчи очиқ мулоқотлари бўлиб ўтди.
Бу оддий учрашув эмас, балки мамлакатимизда тадбиркорликни янги босқичга олиб чиқиш, ишбилармонлар учун янада кенг имконият ва ишонч муҳитини яратишга қаратилган ниҳоятда муҳим мулоқот бўлди.
Унда барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш, экспортни кўпайтириш, миллий брендларни дунёга олиб чиқиш, тадбиркорликка маъмурий босимни кескин камайтириш бўйича аниқ ташаббуслар илгари сурилди.
Бу вазифалар биз учун ҳам аниқ дастуриламал бўлди.
Бугун вилоятимизда 54 мингта кичик бизнес субъекти фаолият юритмоқда. Эътиборлиси, уларнинг 78 фоизи — 42 мингтаси сўнгги беш йилда ташкил этилди.
Кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши ҳам 2021 йилдаги 48,3 фоиздан 55 фоизга ўсди.
Сўнгги беш йилда йиллик товар айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган корхоналар сони 3 мингтадан 5,3 мингтага, 100 миллиард сўмдан юқори айланмага эга корхоналар 189 тадан 326 тага етди.
Жорий йилнинг ўзида 5 минг 304 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 452 минг нафар ҳамюртимиз ишли бўлди.
Кеча биз хориждан сармоя кутган бўлсак, бугун тадбиркорларимиз чет давлатларга сармоя киритиб, янги лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Хусусан, 20 нафар тадбиркоримиз Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, АҚШ ва Бирлашган Араб Амирликларида умумий қиймати 184 миллион долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириб, хорижда 1 минг 235 та янги иш ўрни яратишга ҳисса қўшмоқда.
Умуман, йил якунига қадар яна 23 триллион сўмлик 470 та инвестиция лойиҳасини ишга тушириб, қарийб 23,5 минг иш ўрни яратиш, 3,5 миллиард доллар инвестиция ўзлаштириш ва саноат ўсишини 8,8 фоизга етказишни мақсад қилганмиз.
Натижада жами 583 мингдан зиёд аҳолининг бандлиги таъминланиб, яна 21,4 минг оила камбағалликдан чиқарилади.
Вилоятимизда аҳолини замонавий ва қулай уй-жойлар билан таъминлаш борасидаги ишлар ҳам изчил давом этмоқда.
Бу йил 5 та янги “Янги Ўзбекистон массиви” ва реновация дастурлари асосида 10 минг хонадонли 133 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Бугунга қадар салкам саккиз минг хонадонли 96 та уй фойдаланишга топширилди.
Халқимизнинг қутлуғ байрами арафасида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан эълон қилинган “Долзарб 40 кунлик” доирасида вилоятимиздаги 883 та маҳалла қамраб олинди.
Тиббиёт, таълим муассасалари, кўчалар ва хонадонлар атрофи тартибга келтирилиб, ариқлар тозаланди, йўллар таъмирланди, кўчатлар экилди, маҳаллаларимиз янада файзли ва кўркам қиёфа касб этди.
Энг муҳими, бу эзгу ишларга ҳамюртларимиз ҳамжиҳатлик ва фидойилик билан ҳисса қўшдилар. Бу борада Чиноз туманидаги “Бирлик”, Юқори Чирчиқ туманидаги Хван ва Олмалиқ шаҳридаги Фурқат номли маҳаллаларнинг фаоллиги алоҳида эътирофга сазовор бўлди.
Азиз байрам иштирокчилари!
Фарзандларини билимли, касб-ҳунарли, ватанпарвар қилиб тарбиялаган жамият ҳеч қачон кам бўлмайди. Ҳар бир ёшнинг ҳаётда муносиб ўрин топиши учун шароит яратиш — биз, катта авлоднинг келажак олдидаги энг улкан масъулиятимиздир.
Бугун вилоятимизда хорижий тилларни С1 даражасида ўзлаштирган ёшларимиз сони қарийб 4 минг нафарга етди.
Олмалиқлик Акмал Иманқуловнинг IELTS имтиҳонидан мутлоқ максимал ҳисобланган 9 балл олгани — ёшларимиз қандай юксак марраларга интилаётганининг ёрқин мисолидир.
Қибрайлик 11-синф битирувчиси Оловуддин Эргашев эса Англиянинг ТОП-100 таликка кирувчи бешта нуфузли университетига муддатидан олдин талаба бўлди.
“Ёш китобхон оила” танловининг республика босқичида китобхон фарзандлар ўстираётган чирчиқлик Эшонқуловлар оиласи мутлақ ғолиб бўлиб, “Президент совғаси” — электромобил билан мукофотланди.
Математика бўйича Парижда ўтказилган Бутун Европа қизлар Олимпиадасида бўкалик мактаб ўқувчиси Ниҳола Йўлдошева бронза медалига сазовор бўлди.
Жорий йилда спортчи ёшларимиз халқаро нуфузли мусобақаларда 23 та олтин, 41 та кумуш ва 54 та бронза — жами 118 та медални қўлга киритдилар.
Айниқса, футбол ва мини-футбол бўйича вилоятимиз жамоаларининг республика “ДХХ кубоги”да фахрли 1-ўринни эгаллагани барчамизни мамнун этди.
Шунингдек, “Беш ташаббус паралимпиадаси”да спортчиларимиз 8 та олтин, 4 та кумуш ва 1 та бронза — жами 13 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни забт этдилар.
Қибрайлик Амирхон Муродов эса футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси таркибида Осиё чемпиони бўлиб, Президентимиз томонидан автомобил билан мукофотланди.
Дунёдаги энг нуфузли 100 таликка кирувчи олий ўқув юртларида ўқиётган фарзандларимиз 92 нафарга етиб, улар томонидан ютилган грантлар миқдори 1 млн 352 минг долларни ташкил этди.
“Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси доирасида 89 мингдан зиёд ўқувчи замонавий технологиялар бўйича билим олмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, шу тантанали кечамизда иштирок этаётган фарзандларимизга, улар тимсолида вилоятимиз ёшларига мурожаат қилмоқчиман.
Бугун дунёда рақобат тобора кучайиб бораётган бир пайтда, фақат ва фақат мустаҳкам билим, аниқ касб ва замонавий тафаккур билан қуролланган ёшларгина ўз ўрнини топа олади.
Тадбиркорликка қизиқинг, янги ғоялардан қўрқманг, ўз бизнесингизни яратишга интилинг.
Замон билан ҳамнафас бўлинг, хориж тилларини ўрганинг, жаҳон тажрибасини эгалланг ва олган билимингизни аввало Ватанимиз тараққиётига хизмат қилдиринг.
Азиз ва муҳтарам юртдошлар!
Биз бугунги таҳликали дунёда тинчлик ва осойишталикнинг қадрини ҳар қачонгидан чуқурроқ ҳис этмоқдамиз.
Тошкент вилояти — кўп миллатли, меҳнаткаш ва бағрикенг инсонлар яшайдиган замин. Биз ана шу бирдамликни, ана шу аҳилликни кўз қорачиғимиздек авайлашимиз керак.
Бугун барчамизни Ватанимизни янада обод ва фаровон қилиш, тинчлиги ва равнақини таъминлаш мақсади бир тану бир жонга айлантириши зарур.
Фурсатдан фойдаланиб, вилоятимизнинг меҳнаткаш аҳлига, азиз нуронийларимиз, опа-сингилларимизга, муҳтарам устоз ва мураббийларимизга, тадбиркор ва фермерларимизга, ишчи ва давлат хизматчиларига, адабиёт, илм-фан, санъат ва маданият вакилларига, шифокор ва ўқитувчиларимизга, қурувчи ва муҳандисларга, ҳарбийларимиз ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига, журналист ва блогерларга ўзимнинг чуқур эҳтиромимни билдираман.
Бугунги тантанали кечада қувончимизга шерик бўлиб турган хорижлик ҳамкорларимизга, дипломатик корпус вакилларига самимий миннатдорлик изҳор қиламан!
Яна бир бор барчаларингизни Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллик байрами билан чин қалбимдан табриклайман!
Яратган юртимизни ўз паноҳида асрасин! Ватанимиз тинч, осмонимиз мусаффо, мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Сенга шарафлар бўлсин, Ўзбекистон!
Сенга шарафлар бўлсин, Истиқлол!
