Чирчиқ шаҳрида барпо этилган замонавий 24/7 кўчаси очилишида вилоят ҳокимининг сўзлаган нутқи
2026-07-27 14:55:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Ассалому алайкум, қадрли чирчиқликлар!
Ҳурматли меҳмонлар!
Аввало, барчангизни бугунги қутлуғ туҳфа — Чирчиқ шаҳрида барпо этилган замонавий 24/7 кўчаси, ободлик ва фаровонликнинг янги манзили билан самимий муборакбод этаман.
Бугун биз бу кўча тимсолида Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт фалсафасини, инсон манфаатини ва замонавий шаҳарсозлик маданиятини ўзида мужассам этган яна бир гўзал масканни халқимизга тақдим этмоқдамиз.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади — инсон қадрини улуғлаш, аҳолимиз учун муносиб турмуш шароитини яратишдир. Бугунги кунда шаҳарларимиз ва қишлоқларимизда барпо этилаётган ҳар бир йўл, ҳар бир боғ, ҳар бир хиёбон, ҳар бир ижтимоий объект, энг аввало, инсон учун, унинг фаровон ва бахтли ҳаёти учун хизмат қилмоқда.
Мана шу эзгу ғояларнинг амалий ифодаси сифатида вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида "Драйвер" лойиҳалари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Жорий йилда вилоятимизда жами 54 та лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар орқали ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, аҳолига янада қулай ва замонавий муҳит яратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда янги иш ўринларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ушбу мақсадларни амалга ошириш учун 110 миллиард 500 миллион сўм бюджет маблағлари йўналтирилмоқда. Энг муҳими, мазкур лойиҳалар натижасида 6 минг 220 та янги иш ўрни яратилади. Бу эса юзлаб оилаларнинг даромади ва фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, амалга оширилаётган лойиҳалар ҳисобидан бюджетга 97 миллиард 400 миллион сўм қўшимча тушумлар таъминланиши кутилмоқда.
Бу эса ҳудудларни янада обод қилиш, янги ижтимоий объектларни барпо этиш ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш учун мустаҳкам молиявий асос яратади.
Биргина мисол давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев куни кеча Ўрта Чирчиқ туманидаги Қорасув канали бўйида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишиб, мазкур лойиҳани ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли учун замонавий ва қулай жамоат масканларини яратиш борасидаги намунавий ташаббус сифатида юқори баҳоладилар.
Сиз гувоҳи бўлиб турган – қисқа вақт ичида аввал қаровсиз аҳволга келиб қолган Чирчиқ шаҳридаги бу ҳудуд ҳам бугун бутунлай янги қиёфа касб этди.
Бу ерда пиёдалар учун қулай йўлаклар, дам олиш масканлари, фавворалар, яшил зоналар, болалар ўйингоҳлари, спорт майдончалари, фотозоналар, яшил ҳудудлар ва кечаю кундуз хизмат кўрсатадиган савдо ҳамда сервис объектлари ташкил этилди.
Лойиҳанинг биринчи босқичида “Қуёш” маҳалласи ҳудудидаги яроқсиз ҳолатга келиб қолган хиёбон тўлиқ реконструкция қилиниб, Амир Темур шоҳ кўчасининг 750 метр қисмида 24/7 режимида фаолият юритадиган ҳудуд ташкил этилди. Бу ишлар учун республика бюджети ҳисобидан қарийб 3 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Натижада 1 700 квадрат метрдан ортиқ ҳудудга замонавий қоплама ётқизилди, иккита фаввора, болалар майдончаси, workout зонаси, ўнлаб ўриндиқлар, чиқинди қутилари, лазерли ёритиш тизими, кенг пиёдалар йўлаклари ва кўкаламзор ҳудудлар барпо этилди.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида эса ушбу ҳудуд янада кенгайтирилди. Бунинг учун қўшимча 15 миллиард сўм маблағ ажратилди. Замонавий беседкалар, стеллалар, фотозона, янги лазерли ёритиш тизимлари, ирригация тармоқлари, декоратив ариқлар ва қўшимча пиёдалар йўлаклари қурилди. Атроф муҳитни янада кўркамлаштириш мақсадида 3 минг туп гул ва 300 туп арча кўчатлари экилди.
Энг муҳими, бу лойиҳа натижасида юзлаб янги иш ўринлари яратилди, ўнлаб янги тадбиркорлик субъектлари фаолияти йўлга қўйилди. Хусусан, бу ерда ўнта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Режада 230 та янги иш ўрни яратиш белгиланган бўлса, амалда 332 та янги иш ўрни ташкил этишга эришилди. Шунингдек, режалаштирилган 35 та савдо ва хизмат кўрсатиш объекти ўрнига 43 та замонавий объект фаолияти йўлга қўйилди.
Демак, бу кўча нафақат чиройли маскан, балки иқтисодий фаоллик, янги имкониятлар ва аҳоли бандлигини таъминлайдиган муҳим ҳудуд ҳамдир.
Азиз юртдошлар!
Барчамиз энг улуғ ва энг азиз байрамимиз — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб кутиб олиш арафасида турибмиз.
Мана шундай бунёдкорлик ишлари, халқимиз учун яратилаётган янги имкониятлар, замонавий шаҳарлар, обод маҳаллалар мустақиллигимизнинг энг муносиб туҳфаси, энг гўзал байрам совғасидир.
Бугун нафақат Чирчиқ, балки бутун Тошкент вилояти улкан ўзгаришлар даврини бошдан кечирмоқда.
Куни кеча муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимиз маркази — Нурафшон шаҳрига ташриф буюриб, бир қатор йирик қурилиш ва инфратузилма лойиҳаларига старт берганлари бу тараққиёт жараёнларининг янада юқори босқичга кўтарилаётганидан далолат беради.
Бу юксак эътибор биз учун катта ишонч, катта масъулият ва янги марралар сари дадил интилиш демакдир.
Қадрли чирчиқликлар!
Ишонаманки, бугун фойдаланишга топширилаётган ушбу замонавий кўча шаҳримизнинг энг севимли масканларидан бирига айланади. Бу ерда фарзандларимиз қувонч билан вақт ўтказади, ёшларимиз спорт билан шуғулланади, оилаларимиз дам олади, тадбиркорларимиз эса янги ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқаради.
Барпо этилаётган ҳар бир иншоот, ҳар бир гўзал маскан халқимиз фаровонлиги, юртимиз тараққиёти ва келажак авлодлар бахти учун хизмат қилсин!
Барчангизни яна бир бор ушбу қувончли воқеа билан чин қалбимдан табриклайман.
Юртимиз тинч, халқимиз омон, мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат!
