Хитойнинг нуфузли SNTO компанияси билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2026-09-17 18:40:00 / Янгиликлар

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги вилоят делегациясининг Хитой Халқ Республикасидаги амалий ташрифи давом этмоқда.
Навбатдаги манзил — “Suntown Technology Group Co., Ltd.” (SNTO) компанияси бўлди. 2003 йилда Чанша шаҳрида ташкил этилган мазкур корхона алюминийни чуқур қайта ишлаш ва илғор материаллар ишлаб чиқариш соҳасидаги йирик юқори технологияли компаниялардан биридир.
Ташриф давомида вилоят делегацияси компания раҳбарияти ва мутасаддилари билан учрашиб, ишлаб чиқариш, инвестициявий ҳамкорлик ва янги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди.
Шунингдек, делегация SNTO компаниясининг ишлаб чиқариш қувватлари ва замонавий технологик жараёнлари билан яқиндан танишди.
Хусусан, юқори аниқликдаги алюминий фольгаси, саноат профиллари, енгил конструкциялар ҳамда қурилиш учун алюминий қолиплар ишлаб чиқариш йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди.
Компанияда ишлаб чиқаришга рақамли технологиялар ва ресурс тежамкор ечимларнинг жорий этилгани делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди.
Учрашувда Тошкент вилоятида қурилиш учун замонавий алюминий қолиплар ва экологик қадоқлаш материаллари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, илғор “яшил” технологияларни жорий этиш ҳамда компаниянинг Марказий Осиё бозорига чиқиш имкониятларини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Айниқса, SNTOнинг илмий-тадқиқот ва инновацион салоҳияти — Миллий корхона технология маркази ҳамда постдокторлик тадқиқот станцияси фаолияти янги лойиҳалар учун муҳим имконият сифатида қайд этилди.
Илғор технология, маҳаллийлаштириш ва янги бозорлар — Тошкент вилояти ва SNTO ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида белгиланди.





