Тошкент вилоятида замонавий энергетика лойиҳалари учун янги ҳамкорлик
2026-09-17 14:20:00 / Янгиликлар

Хабар берганимиздек, шу кунларда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги вилоят делегацияси амалий ташриф билан Хитой Халқ Республикасида бўлиб турибди.
Ташрифнинг навбатдаги кунида Чанша шаҳрида вилоят делегацияси “HNAC Technology Co., Ltd.” компанияси вице-президенти, халқаро компания бош директори ва халқаро бизнес бўлинмаси раҳбари Чжан Цзэнчен билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда энергетика, автоматлаштириш, сув хўжалиги, қайта тикланувчи энергия манбалари, энергия сақлаш тизимлари ҳамда замонавий муҳандислик ечимлари соҳаларида ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.
1993 йилда ташкил этилган “HNAC Technology Co., Ltd.” гидроэнергетика, янги энергия, энергия сақлаш ва электр тақсимоти йўналишлари учун замонавий автоматлаштириш ва рақамли технологиялар ишлаб чиқишга ихтисослашган.
Бугунги кунда компания 70 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритиб, Ўзбекистондаги қатор гидроэнергетика лойиҳаларида ҳам иштирок этиб келмоқда.
Учрашув давомида Тошкент вилоятида замонавий энергетика ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, илғор технологияларни жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, томонлар ҳудуддаги истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, технологик ҳамкорликни йўлга қўйиш ва узоқ муддатли шерикликни ривожлантириш бўйича аниқ таклифларни кўриб чиқдилар.
Мулоқот якунида Тошкент вилояти ва “HNAC Technology Co., Ltd.” ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган келишув имзоланди.






