Корея билан ҳамкорликда вилоят тиббиёти учун муҳим келишувларга эришилди
2026-09-14 17:35:00 / Соғлиқни сақлаш

Тошкент вилояти ва Корея Республикасининг Кёнгидо провинцияси ўртасида тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда.
7–11 сентябрь кунлари вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Султонбеков бошчилигидаги соғлиқни сақлаш тизими масъулларидан иборат делегациянинг Кёнгидо провинциясига амалий сафари давомида замонавий тиббиётнинг илғор йўналишлари ўрганилиб, муҳим келишувларга эришилди.
Делегация аъзолари Сент-Винсент госпитали, Корея университетининг Ансан госпитали, Шихва тиббий маркази ҳамда тиббий ускуналар соҳасидаги марказлар фаолияти билан танишди.
Хусусан, сунъий интеллект ва интеллектуал тиббиёт, роботлаштирилган онкология, замонавий диагностика, юрак-қон томир касалликларини даволаш, тиббий технологиялар ва мутахассисларни тайёрлаш тажрибаси ўрганилди.
Шунингдек, «Кёнгидо – Ўзбекистон» MedTech бизнес-форумида Тошкент вилоятидаги Нурафшон тиббий кластери тақдимоти ўтказилиб, тиббий ускуналар ишлаб чиқарувчи компаниялар билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
«Кёнгидо – Ўзбекистон тиббиёт истиқболлари» форуми доирасида эса Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Кёнгидо провинциясининг етакчи тиббиёт муассасалари ўртасида 3 та ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Келишувларга кўра, Нурафшон шаҳридаги Кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолиятини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатиш, нейрохирургия, кардиохирургия, неонатал хирургия, трансплантология, ангиохирургия, умуртқа ва бўғимларни протезлаш ҳамда онкология йўналишларида мутахассисларни Кенгидонинг етакчи тиббиёт муассасаларида бепул малака ошириш курсларига жалб этиш кўламини кенгайтириш белгиланди.
Бундан ташқари, кореялик мутахассислар иштирокида Тошкент вилоятида ўрта тиббиёт ходимлари учун сайёр ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда 2027 йилда вилоятда Кенгидонинг етакчи тиббиёт муассасалари профессорлари иштирокида илмий-амалий конференция ўтказиш бўйича келишувларга эришилди.









