Тошкент вилоятининг саноат салоҳияти Хитойнинг йирик инжиниринг компанияси нигоҳида
2026-09-14 10:40:00 / Янгиликлар

Айни пайтда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги вилоят делегацияси Хитой Халқ Республикасида амалий ташриф билан бўлиб турибди.
Ташрифнинг илк кунида Пекин шаҳрида қурилиш материаллари ва саноат инжиниринги йўналишида халқаро тажрибага эга бўлган Sinoma International Engineering Co., Ltd. компанияси вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Мулоқотда Тошкент вилоятида замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш, саноат корхоналарини технологик жиҳатдан модернизация қилиш ҳамда илғор инжиниринг ечимларини жорий этиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Sinoma International Engineering глобал цемент ва тоғ-кон саноати учун EPC тамойили асосида комплекс лойиҳаларни амалга ошириши билан бирга, ишлаб чиқариш линиялари учун юқори технологияли ускуналар, жумладан, роторли печлар ва майдалагичлар ишлаб чиқаради.
Эътиборли жиҳати, компания бугунги кунда фаолиятини анъанавий саноат йўналишлар билангина чеклаб қолмай, қайта тикланувчи энергия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект асосидаги бошқарув тизимларини ҳам ривожлантирмоқда.
Компания томонидан дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатида 1 000 дан зиёд лойиҳа амалга оширилгани унинг халқаро миқёсдаги салоҳияти ва тажрибасини намоён этади.
2025 йил якунларига кўра, компаниянинг тушуми 73,27 миллиард доллар, соф фойдаси 4,23 миллиард доллар, умумий активлари эса 91,65 миллиард долларни ташкил этган.
Учрашувдан сўнг Тошкент вилояти делегацияси компаниянинг фаолияти билан яқиндан танишди.
Хусусан, унинг илғор инжиниринг ишланмалари, ишлаб чиқариш технологиялари, юқори технологияли ускуналари ҳамда замонавий саноат лойиҳаларини амалга ошириш тажрибаси ўрганилди.
Ташриф доирасидаги музокаралар якунида томонлар Тошкент вилоятининг мавжуд саноат салоҳияти ва инвестициявий имкониятларидан келиб чиқиб, қурилиш материаллари, саноат инжиниринги, замонавий технологиялар ва истиқболли ишлаб чиқариш лойиҳаларини биргаликда ўрганиш ҳамда уларни амалий босқичга олиб чиқиш бўйича келишиб олдилар.









