Тошкент туманида “Vosiq” Халқаро мактабининг янги филиали фаолият бошлади
2026-09-02 14:35:00 / Янгиликлар

Тошкент туманида янги ўқув йили муносиб туҳфалар билан бошланди. Туманнинг "Тутзор" маҳалласида “Vosiq” Халқаро мактабининг янги таълим ва мактабгача таълим мажмуаси фойдаланишга топширилди.
Янги ўқув масканининг очилишига бағишланган тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, туман ҳокими Сардорбек Эргашев, таълим соҳаси вакиллари, устозлар, ота-оналар, ўқувчилар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” деган эзгу ғоя асосида таълим тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, замонавий ва рақобатбардош таълим муҳитини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
"Тутзор" маҳалласида барпо этилган мазкур мажмуа ҳам ана шу ислоҳотларнинг амалий ифодаларидан биридир. Муассасанинг ўзига хос жиҳати – мактаб ва мактабгача таълим босқичларининг ягона таълим муҳитида бирлаштирилганидир.
Мажмуанинг мактаб қисми 1500 нафар ўқувчига, мактабгача таълим қисми эса 360 нафар тарбияланувчига мўлжалланган. Демак, муассаса тўлиқ қувват билан ишлаганда бир вақтнинг ўзида 1860 нафар бола учун замонавий таълим-тарбия олиш имконини яратади.
Бу ерда таълим жараёнида аниқ ва табиий фанларга – математика, физика, кимё ва биологияга алоҳида эътибор қаратилади. Назарий билимларни амалий машғулотлар, тажрибалар ва лаборатория ишлари билан уйғунлаштириш орқали ўқувчиларнинг мустақил фикрлаши, таҳлил қилиши, муаммоларга ечим топиши ва илмий хулоса чиқариш кўникмаларини ривожлантириш кўзда тутилган.
Мактабда тиббиёт йўналишига ҳам алоҳида урғу берилади. Хусусан, биология ва кимё фанларини чуқур ўзлаштириш, уларни амалиёт билан боғлаш орқали келажакда тиббиёт соҳасида таҳсил олишни мақсад қилган ёшлар учун мустаҳкам пойдевор яратилади.
Замонавий таълимнинг муҳим талабларидан бири бўлган хорижий тилларни ўрганишга ҳам катта аҳамият берилади.
Янги ўқув йилининг илк кунида ўз фаолиятини бошлаган “Vosiq” Халқаро мактабининг "Тутзор" филиали замонавий билим, илмий тафаккур ва юксак мақсадларга йўналтирилган янги имкониятлар эшигини очди.









