Бугун мактабларда янги ўқув йили бошланди
2026-09-02 09:40:00 / Янгиликлар

Бугун — 2 сентябрь куни Тошкент вилоятидаги 910 та умумтаълим мактабида янги ўқув йили тантанали тадбирлар билан бошланди.
Янги ўқув йилининг илк куни муносабати билан вилоятдаги барча даражадаги раҳбарлар умумтаълим мактабларига бириктирилиб, “Биринчи қўнғироқ” тадбирларида иштирок этдилар.
Маросимларда давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Ўқувчи ва устозлар янги ўқув йили билан қутланиб, таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритилди.
Жумладан, Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Бўка туманида янги ўқув йилига қайта қуриб қуриб битказилган 30-умумтаълим мактабида “Биринчи қўнғироқ” тадбирида иштирок этди.
Вилоят ҳокими ўқувчилар, устозлар ва ота-оналарни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда янги ўқув йили бошлангани билан самимий муборакбод этиб, давлатимиз раҳбари йўллаган махсус табрикни ўқиб эшиттирди.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Президентимиз бошчилигида “Янги Ўзбекистон — мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади” деган эзгу ғоя асосида мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдевори барпо этилмоқда.
Тошкент вилоятида ҳам таълим соҳасини ривожлантириш, мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқувчилар учун муносиб шароитлар яратиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, сўнгги ўн йилда вилоят таълим соҳасига ажратилган маблағлар 6,2 карра оширилиб, 31,5 триллион сўмни ташкил этди.
Бунинг натижасида вилоятда мактабгача таълим муассасалари сони 2016 йилдаги 441 тадан 2 433 тага, болалар қамрови эса 27 фоиздан 74 фоизга етди.
Шунингдек, 27 та янги мактаб қурилиб, 237 та мактаб реконструкция қилинди. Бунинг ҳисобига қарийб 100 мингта янги ўқувчи ўрни яратилди.
Айни пайтда вилоятда иқтидорли ва билимга чанқоқ ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 400 та мактабда янги баҳолаш тизими йўлга қўйилган. Жорий йилда вилоятнинг 25 нафар битирувчиси дунёнинг энг нуфузли ТОП-100 таликка кирувчи олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинди.
Янги ўқув йилида Тошкент вилоятида 61 минг 850 нафар 1-синф ўқувчиси мактаб остонасига илк бор қадам қўйди. Уларга 13 турдаги ўқув анжомларидан иборат Президент совғалари топширилди.
Таълим сифатини юксалтиришда устозларнинг меҳнати ва малакаси муҳим аҳамият касб этади. Яратилган имкониятлар натижасида ўз устида тинимсиз ишлаётган ўқитувчилар сони ҳам ортиб бормоқда. Бугун вилоятда ойлик маоши 6 миллиондан 10 миллион сўмгача бўлган ўқитувчилар 9 934 нафарни, 10 миллион сўмдан юқори маош олаётган педагоглар эса 1 974 нафарни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 848 нафарга кўпайган.
“Биринчи қўнғироқ” тадбири ўтказилган Бўка туманидаги 30-умумтаълим мактаби ҳам янги ўқув йили арафасида бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди.
330 ўринга мўлжалланган мазкур янги таълим муассасаси қурилишига 12,2 миллиард сўм маблағ сарфланди. У мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида ўқувчилар ва устозларга муносиб туҳфа бўлди.
Мактаб 1976 йилда қурилган эски бино ўрнида замонавий талаблар асосида барпо этилди. Айни пайтда таълим муассасасида 209 нафар ўқувчига 27 нафар ўқитувчи таълим-тарбия бермоқда.
Тадбир давомида янги мактаб биноси кўздан кечирилиб, ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан танишилди. Илк қўнғироқ садолари остида янги ўқув йилига старт берилди.









