Тошкент вилояти ва Анхой провинцияси: аграр соҳадаги ҳамкорликнинг янги босқичи
2026-08-28 15:55:00 / Янгиликлар

Бугун вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Хитой Халқ Республикасининг Анхой провинцияси делегацияси билан учрашди.
Учрашувда Анхой провинцияси Қишлоқ хўжалиги департаменти раҳбари, провинция партия котиби Ван Сюэцзюн бошчилигидаги масъуллар қатнашдилар.
Тошкент вилояти ва Анхой провинцияси ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда изчил ривожланиб бормоқда. Хусусан, 2023 йил декабрь, 2024 йил январь ва июнь ойларида Тошкент вилояти делегацияларининг Анхойга ташрифлари амалга оширилган.
2024 йилда Анхой провинцияси ва Тошкент вилояти, шунингдек, Бочжоу шаҳри ва Пискент тумани ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш бўйича келишувлар имзоланди. 2024 йил июнь ойида эса мазкур провинцияда Тошкент вилоятининг расмий ваколатхонаси очилди.
Бугунги кунда Тошкент вилоятида хорижий капитал иштирокида очилган 3 минг 455 та корхонанинг 784 таси Хитой капитали иштирокидадир. Эътиборлиси, уларнинг 82 таси айнан Анхой провинцияси тадбиркорлари ҳамкорлигидаги корхоналардир.
Анхойлик инвесторлар иштирокида 2025 йилда вилоятга 402 миллион доллар, жорий йилнинг етти ойида эса 286 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилган.
Учрашувда мавжуд инвестиция лойиҳалари билан бир қаторда, қишлоқ хўжалиги соҳасида янги ҳамкорлик йўналишларини йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, Анхой провинциясининг сув ресурсларини бошқариш ва сув тежовчи, замонавий суғориш технологияларини Тошкент вилоятида кенг жорий этиш, “ақлли” ва экологик иссиқхоналар ташкил қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш таклиф этилди.
Шунингдек, иқлимга чидамли ва юқори ҳосилдор мева-сабзавот навларини яратиш бўйича қўшма “In-vitro” лабораториялари ва питомниклар ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар, шунингдек, Анхойнинг агробиотехнологиялари ва биологик препаратларини Тошкент вилояти шароитида синовдан ўтказиш ва маҳаллийлаштириш, ипакчилик соҳасида янги технологияларни жорий этиш, хусусан, пилла қуртларини дарахтда очиқ ҳавода боқиш усулини синовдан ўтказиш бўйича ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирдилар.
Кадрлар тайёрлаш ва илмий алмашинувлар ҳам ҳамкорликнинг муҳим йўналиши сифатида қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар Тошкент вилояти ва Анхой провинцияси ўртасидаги амалий ҳамкорликни, айниқса, қишлоқ хўжалиги, инвестиция, инновация ва таълим соҳаларидаги шерикликни янада кенгайтириш, мавжуд келишувларни аниқ лойиҳалар билан бойитиш муҳимлигини таъкидладилар.





