Чорвачилик соҳасини янада ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгиланди
2026-08-07 18:35:00 / Мажлислар

Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари Хуршид Қорабоев раҳбарлигида чорвачилик соҳасида 2026 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар ҳамда йил якунига қадар бажарилиши лозим бўлган вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда чорвачилик тармоғини ривожлантириш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, бугунги кунда вилоятда қорамоллар сони 1 миллион бошдан ошган, ярим йилда эса 166 минг тонна гўшт ва 564 минг тонна сут ишлаб чиқарилди.
Шунингдек, соҳага инвестицияларни жалб қилиш, наслчиликни ривожлантириш, янги қайта ишлаш қувватларини ишга тушириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш ҳамда гидропоника технологияларини кенг жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Йиғилишда йил давомида қиймати 2 триллион сўмлик 252 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, замонавий гўшт ва сутни қайта ишлаш қувватларини ишга тушириш ҳамда наслли чорва молларини кўпайтириш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижроси муҳокама қилинди.
Шунингдек, озуқабоп экинлар майдонларини кенгайтириш, сунъий уруғлантириш ишларини жадаллаштириш, наслчилик хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш, ички бозорда гўшт ва бошқа чорвачилик маҳсулотлари нарх-навосининг барқарорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилиш якунида масъул раҳбарларга ҳар бир инвестиция лойиҳасининг ўз вақтида ишга туширилиши, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш, аҳолини сифатли ва арзон маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш юзасидан топшириқлар берди.









