Вилоятда 6 та шаҳарнинг жамоат транспорти тизими янги босқичга олиб чиқилади
2026-08-06 15:15:00 / Янгиликлар

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевга Янгийўл, Ангрен, Оҳангарон, Олмалиқ, Нурафшон ва Чирчиқ шаҳарларида транспорт тизимини ривожлантириш бўйича комплекс тақдимот ўтказилди.
Тақдимотда мазкур шаҳарларда жамоат транспортини ягона бошқарув тизими асосида такомиллаштириш, йўловчилар учун қулай ва самарали транспорт хизматини шакллантириш ҳамда замонавий инфратузилмани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланди.
Таҳлилларга кўра, шаҳарлар транспорт тармоғини қайта ташкил этиш, маршрутларни оптималлаштириш, транспорт коридорларини самарали бошқариш, замонавий бекатлар ва транспорт-пересадка узелларини барпо этиш ҳисобига жамоат транспортидан фойдаланувчилар сонини кунлик 298,6 минг нафардан 533 минг нафарга етказиш имконияти мавжуд. Бу эса йўловчи оқимини 234,4 минг нафарга ёки 78,5 фоизга ошириш имконини беради.
Қайд этилганидек, ушбу натижа фақат янги автобуслар хариди билан эмас, балки бутун транспорт тизимини замонавий ёндашувлар асосида қайта ташкил этиш орқали таъминланади.
Шунингдек, брутто шартномалари асосида ишловчи маршрутлар бўйича рейслар бажарилиши, автобуслар ҳаракати, йўловчилар оқими, интерваллар ҳамда субсидиялар ягона рақамли реестр орқали юритилади.
Бундан ташқари, шаҳарлар учун 2026, 2030 ва 2035 йилларга мўлжалланган ягона транспорт прогнозлари ҳамда самарадорликни баҳолаш методикаси ишлаб чиқилади.
Тақдимот якунида мазкур чора-тадбирларнинг асосий мақсади аҳоли учун хавфсиз, қулай, барқарор ва замонавий жамоат транспорти тизимини шакллантириш, шаҳарларда ҳаракатланиш сифатини янги босқичга олиб чиқиш экани таъкидланди.






