Зойир Мирзаев беларусьлик йирик тадбиркор билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди
2026-07-28 16:35:00 / Пресс-релизлар

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Беларусь Республикасининг таниқли тадбиркори, халқаро божхона-логистика йўналишидаги йирик бизнес ташкилотчиси, «Bremino Group», «Ruzekspeditsiya», «VLATE Logistik» ва «SOHRA gr.» компаниялари таъсисчиси ҳамда бошқарувчи ҳамкори, Замбиянинг Беларусь Республикасидаги Фахрий консули Александр Зайцев билан онлайн мулоқот ўтказди.
Мулоқот давомида икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт-логистика тизимида янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ҳудудлар ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Тошкент вилоятида замонавий темир йўл логистика марказларини ташкил этиш, юк ташиш йўналишларини ривожлантириш, халқаро транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Шунингдек, томонлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосини ривожлантириш, хусусан, гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш ҳамда сақлаш тизимини такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар. Шу мақсадда Тошкент вилоятида замонавий совуткичли омборхоналар ва сақлаш мажмуаларини барпо этиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Мулоқотда саноат кооперацияси, жумладан, мебел ишлаб чиқариш йўналишида ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш, Беларусьнинг илғор тажрибаси ва технологияларини ҳудуддаги ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Александр Зайцев бошчилигидаги компаниялар халқаро логистика, божхона хизматлари ва савдо инфратузилмаси соҳасида катта тажрибага эга экани қайд этилиб, ушбу йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш икки томон учун ҳам манфаатли экани таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш бўйича келгусидаги ишларни давом эттиришга келишиб олдилар.




