Беларуснинг “АЛУТЕЧ” холдинги билан стратегик ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2026-07-10 15:20:00 / Янгиликлар

Кеча Беларус Республикасининг Минск шаҳрида Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Жаҳонгир Мамажонов Марказий ва Шарқий Европадаги алюминий профил тизимлари ҳамда секцияли дарвозалар ишлаб чиқарувчи етакчи компаниялардан бири — “АЛУТЕЧ” компаниялар гуруҳи раҳбарияти билан учрашди.
Мулоқот давомида томонлар қурилиш материаллари саноати йўналишида ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, инновацион технологияларни жорий этиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Маълумот ўрнида, “АЛУТЕЧ” компаниялар гуруҳи таркибида Минск ва хорижда жойлашган бешта замонавий юқори технологик ишлаб чиқариш корхонаси, алюминий экструзияси ва анодлаш мажмуалари фаолият юритади. Холдинг маҳсулотлари бугунги кунда дунёнинг 65 дан ортиқ мамлакатига экспорт қилинмоқда.
Учрашув доирасида Тошкент вилояти делегацияси корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнлари, замонавий технологик ечимлари ҳамда инновацион маҳсулотлари билан яқиндан танишди.
Музокаралар чоғида Тошкент вилоятида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича бир қатор истиқболли таклифлар илгари сурилди.
Жумладан, вилоятда алюминий профиллар ва роллет тизимларини маҳаллийлаштириш асосида қўшма ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш, замонавий турар жой ва бизнес мажмуаларида энергия тежамкор фасад тизимлари ҳамда Греен Буилдинг стандартларига мос инновацион ечимларни жорий этиш, логистика марказларини замонавий саноат дарвозалари ва док тизимлари билан жиҳозлаш, шунингдек, қурилиш муҳандислиги ва фасад технологиялари йўналишида малакали кадрлар тайёрлаш юзасидан ҳамкорлик қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Якунда томонлар ўзаро манфаатли лойиҳаларни босқичма-босқич амалга ошириш, мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш ва истиқболли инвестициявий ташаббусларни биргаликда ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришдилар.






