Минск шаҳрида Ўзбекистон ва Беларусь ҳудудларининг III форуми бўлиб ўтди
2026-07-08 19:55:00 / Янгиликлар

Форумда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев, Беларусь Республикаси Бош вазири ўринбосари Юрий Шулейко, Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Беларусь ҳудудлари раҳбарлари, шунингдек, икки мамлакатнинг бизнес доиралари вакиллари иштирок этди.
Форумда сўзга чиққанлар Ўзбекистон ва Беларусь давлат раҳбарларининг мустаҳкам сиёсий иродаси, ўзаро ишонч ва стратегик шерикликка асосланган муносабатлари туфайли икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб, ҳудудлараро алоқалар янги мазмун билан бойиб бораётганини алоҳида таъкидладилар.
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ўз маърузасида сўнгги йилларда Тошкент вилояти билан Беларусь ҳудудлари ўртасидаги амалий ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашганини қайд этди.
Вилоят раҳбари саноат, машинасозлик ва агросаноат соҳаларида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ҳудудлараро шерикликнинг самарали намунасига айланганини таъкидлаб, мавжуд салоҳиятдан янада самарали фойдаланиш муҳимлигини билдирди.
Таъкидланганидек, 2025 йил якунларига кўра, Тошкент вилоятининг Беларусь Республикаси билан ташқи савдо айланмаси 156,1 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 128 фоизга ўсди.
Айни пайтда вилоят ҳудудида Ўзбекистон–Беларусь қўшма капитали иштирокидаги 46 та корхона фаолият юритмоқда. Эътиборли жиҳати, сўнгги бир йилда уларнинг сони икки баробардан зиёдга ошди.
Форум доирасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказилди.
Тадбир якунида Гомель вилояти ижроия қўмитаси ва Тошкент вилояти ҳокимлиги ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида келишув имзоланди.


