Тошкент–Минск вилоятлари: ҳамкорликнинг янги саҳифаси очилмоқда
2026-07-08 17:40:00 / Янгиликлар

Тошкент вилояти ва Минск вилояти ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстона муносабатлар изчил давом этмоқда.
Хабарингиз бўлса, 2018 йил 12 сентябрда икки ҳудуд ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган эди.
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг Беларусь Республикасига амалга оширган хизмат сафари давомида мазкур шериклик яна бир муҳим қадам билан бойиди.
Хусусан, Минск вилояти ижроия қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Василий Сысоев билан икки вилоят ўртасида тузилган ҳамкорлик битимини янада кенгайтириш мақсадида 2026–2028 йилларда амалга оширишга қаратилган “Йўл харитаси” имзоланди.
Ушбу ҳужжат келгуси уч йил давомида икки ҳудуд ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Жумладан, савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш, ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш, Беларусь саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Тошкент вилояти бозорига етказиб бериш, ўзбек пахта ип-калавасини чуқур қайта ишлаш бўйича кооперацияни ривожлантириш, шунингдек, агросаноат соҳасида замонавий технологиялар ва илғор тажрибалар алмашинувини кенгайтириш устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Шу билан бирга, “Йўл харитаси” маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратади.
Имзоланган “Йўл харитаси” Тошкент вилояти ва Минск вилояти ўртасидаги кўп қиррали шериклик муносабатларини янги босқичга олиб чиқиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ва халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.


