Тошкент вилоятида рақамлаштириш ва сунъий интеллектни ривожлантиришнинг янги босқичи бошланди
2026-07-03 19:50:00 / Очиқ мулоқот

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев раҳбарлигида шаҳар ва туман ҳокимларининг рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича маслаҳатчилари иштирокида кенгайтирилган мулоқот ўтказилди.
“Cйбер” университетида бўлиб ўтган учрашувда давлатимиз раҳбари томонидан рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, давлат бошқарувига замонавий ахборот технологиялари ҳамда сунъий интеллект ечимларини кенг жорий этиш, шунингдек, барча соҳаларда самарадорликни ошириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, рақамлаштириш масалалари бўйича масъул Отабек Турсунов ҳам иштирок этди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда рақамлаштириш давлат хизматлари сифатини юксалтириш билан бирга бошқарув тизимининг очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминловчи муҳим омилга айланмоқда. Айниқса, сунъий интеллект технологияларидан самарали фойдаланиш таҳлилий қарорлар қабул қилиш, мурожаатлар билан ишлаш, кадрлар салоҳиятини баҳолаш, ресурсларни оқилона тақсимлаш ҳамда ҳудудларни комплекс ривожлантиришда кенг имкониятлар яратмоқда.
Мулоқот давомида вилоятда босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган ўндан ортиқ инновацион лойиҳалар — “Греен Cитй”, “Рақамли элчилар”, “Кадр АИ”, “Электрон ҳокимият”, “Турист24”, “АгроПискент” ва бошқа ташаббуслар тақдимоти ўтказилди.
Лойиҳалар доирасида экологик мониторингни рақамлаштириш, давлат хизматларини ягона электрон платформалар орқали кўрсатиш, сунъий интеллект ёрдамида кадрлар бошқарувини такомиллаштириш, фуқаролар билан мулоқотни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда маълумотларга асосланган бошқарув тизимини шакллантириш каби устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Вилоят ҳокими ҳар бир шаҳар ва тумандаги рақамлаштириш бўйича маслаҳатчилар мазкур ислоҳотларнинг ташаббускори ва амалий ижрочиси бўлиши лозимлигини таъкидлади. Ҳар бир лойиҳа ҳудудларнинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда амалий натижа бериши, аҳоли учун қўшимча қулайликлар яратиши ҳамда давлат бошқаруви самарадорлигини янада оширишга хизмат қилиши зарурлиги қайд этилди.
Йиғилиш якунида шаҳар ва туманларда рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш, сунъий интеллект технологияларини давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик ҳамда бошқа устувор тармоқларга кенг жорий этиш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.







