Ҳокимлик соати: таҳлил марказида иккинчи чорак якунлари бўйича макроиқтисодий кўрсаткичлар
2026-07-01 18:40:00 / Мажлислар

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев раислигида навбатдаги “Ҳокимлик соати” муҳокамалари ўтказилди.
Унда жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари ҳамда устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, иқтисодий таҳлил асносида саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, хизматлар соҳалари, эркин иқтисодий зоналар фаолиятида эришилган натижалар ва мавжуд камчиликлар масъулларга кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, вилоятга жалб этилаётган хорижий инвестициялар ҳамда экспорт кўрсаткичларининг ижроси кўриб чиқилди. Бу борада инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, экспорт ҳажмини ошириш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 5 майдаги тегишли қарорига мувофиқ, вилоятнинг 2026 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожланишини жадаллаштириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга қаратилган қўшимча чора-тадбирларнинг бориши ҳам муҳокама қилинди.
Муҳокамалар якунида соҳалар ва ҳудудлар кесимида масъул раҳбарларга йиғилишда тилга олинган камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш, Президент қарорлари ижросини сўзсиз таъминлаш ҳамда вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётига доир қатор масалалар юзасидан тегишли топшириқлар берилди.








