Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг Ёшлар куни муносабати билан йўллаган ТАБРИГИ
2026-06-30 11:10:00 / Янгиликлар

Азиз ёшлар, қадрли келажагимиз бунёдкорлари!
Авваламбор барчангизни, сизларнинг тимсолингизда вилоятимиз ёшларини бугунги кун билан самимий муборакбод этаман!
Бугун жаҳонга тобора кенг очилиб, тараққиёт сари дадил интилаётган, олдига қўйган улкан мақсад ва марралар томон ишонч билан одимлаётган Янги Ўзбекистоннинг келажаги, аввало, сизларнинг билим олишга бўлган интилишингиз, фаоллигингиз ва шижоатингизга бевосита боғлиқдир.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуслари билан ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳолда камол топиши учун барча шароитларни яратиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Бу ҳақда сўз юритганда, кейинги йилларда мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш бўйича дунёда ўхшаши кам бўлган мутлақо янги вертикал бошқарув тизими шакллантирилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ушбу тизим маҳаллалардаги Президент вакиллари ҳисобланган ёшлар етакчилари орқали минглаб йигит-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ ҳаётий масалаларни жойида ҳал қилиш имконини бермоқда.
Айниқса, “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар ягона электрон платформаси” орқали амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар самарасини ўғил-қизларимиз ўз ҳаётида яққол ҳис этмоқда.
Энг муҳими, Ўзбекистон Президентининг ёшларга оид сиёсати халқаро миқёсда тан олиниб, муносиб эътирофга сазовор бўлмоқда.
Қадрли ўғил-қизларим!
Бугун вилоятимиз аҳолисининг 1 миллион 542 минг нафардан зиёд қисмини ёшлар ташкил этади. Шундан қарийб 786 минг нафари 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлардир.
Бу рақамларнинг ўзиёқ ёшларга оид давлат сиёсати вилоятимиз учун нақадар муҳим аҳамият касб этишини кўрсатади.
Янги Ўзбекистонда ёш олимларимиз, спортчиларимиз ва иқтидорли фарзандларимизнинг халқаро майдонларда қўлга киритаётган ютуқлари билан ҳақли равишда фахрланамиз.
Зотан, ҳозир бутун халқимиз катта тарихий воқеа шукуҳи ва завқи билан яшамоқда, десак хато бўлмайди. Азамат ўғлонларимизнинг ғайрат ва шижоатлари билан халқимизнинг 34 йиллик орзуси ушалди, Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк бор футбол бўйича Жаҳон чемпионатида иштирок этди.
Барчамиз кўриб, гувоҳи бўлаётганимиздек, Мундиалда кучсиз жамоанинг ўзи йўқ. Миллий терма жамоамиз жаҳон футболининг карвонбошиларидан бўлган, ўз сафига мега-юлдузларни жамлаган Колумбия ҳамда Португалия жамоалари билан ҳеч ҳайиқмай, муносиб кураш олиб бордилар.
Биз бир нарсани тушунишимиз керак — бу ўйинлар натижалари қандай бўлганидан қатъий назар биз энг керакли ютуққа аллақачон эришдик! Чунки, ватанимиз термасининг Жаҳон чемпионатида иштироки орқали бутун дунё ўзбек футболчисининг матонатини, ўзбек мухлисининг маданиятини, ўзбек халқининг бирдамлигини кўрди!
Дунё спорт жамоатчилиги Ўзбекистон Жаҳон чемпионатига тасодифан келмаганига иқрор бўлдилар.
Терма жамоамиз сафида вилоятимиз фарзанди Достонбек Ҳамдамовнинг ҳам иштирок этгани биз учун алоҳида мамнуният бағишлайди!
Умуман олганда, жорий йилда ўтказилган жаҳон, Осиё ва халқаро спорт мусобақаларида вилоятимиздан 215 нафар спортчи бокс, оғир атлетика, юнон-рум кураши, дзюдо, эшкак эшиш ва таэквондо WT каби спорт турлари бўйича иштирок этиб, 23 та олтин, 41 та кумуш ва 54 та бронза медални қўлга киритдилар.
Бу натижалар юртимизда, хусусан, вилоятимизда спорт соҳасини ривожлантириш, ёшларнинг иқтидорини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий самараларидир.
Шунингдек, “Янги Ўзбекистон ёшлари — 2030” стратегияси тасдиқланиб, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Мазкур ҳужжат доирасида Нурафшон шаҳрига “Ёшлар шаҳри” мақоми берилди. Ёшларни қўллаб-қувватлаш, стартап лойиҳаларни ривожлантириш, уларнинг ташаббусларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида Нурафшон шаҳрида 5 гектар майдонда замонавий “Ёшлар шаҳарчаси” барпо этиладиган бўлди.
Бу ташаббусларимизнинг барчаси давлатимиз раҳбари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватлангани ҳурматли Президентимизнинг Сиз, вилоятимиз ёшларига алоҳида эътибор ва ғамхўрликларининг яна бир ифодаси бўлди.
Ёшларга қаратилаётган эътиборнинг яна бир амалий ифодаси сифатида 12 минг нафардан зиёд ёшларга 5 минг гектардан ортиқ унумдор ер майдонлари ажратилганини таъкидлаш жоиз.
Шунингдек, 2025–2026 йиллар давомида 774 нафар ёшга 73 миллиард 871 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилиб, 938 та янги иш ўрни яратилди.
Давлатимиз раҳбарининг яна бир муҳим ташаббуслари билан ҳафтанинг ҳар пайшанба куни “Ёшлар куни” этиб белгилангани ҳам бу борадаги ишларимизга янги суръат бағишламоқда. Шу куни барча даражадаги раҳбарларнинг ўзлари Сизларнинг олдингизга бориб, муаммо ва масалаларингизни ечишга, орзу-умидларингиз рўёби учун кўмаклашишга ҳаракат қилишмоқда.
Ўтказилган 4 мингдан зиёд ана шундай учрашувларда 80 минг нафардан ортиқ ёшларнинг мурожаат ва таклифлари ўрганилиб, уларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича амалий чоралар кўрилди.
Шу билан бирга, 7 минг 119 нафар ишсиз ёшнинг раҳбарларга номма-ном бириктирилиши натижасида уларнинг бандлиги таъминланиб, ҳаётий муаммолари ҳал этилди.
“Ёшлар дафтари”га киритилган 2 минг 971 нафар ёшга 8 миллиард 605 миллион сўмлик ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатилди.
“Ибрат фарзандлари” лойиҳаси доирасида 295 минг нафардан ортиқ ёш 23 та хорижий тилни ўрганиш имкониятига эга бўлди.
“Ustoz AI” лойиҳаси орқали эса қарийб 46 минг нафар ёш 40 та замонавий касб бўйича билим ва кўникмаларни эгаллади.
Бундан ташқари, “Қизлар академияси” лойиҳасида 62 минг нафардан зиёд, “UzChess” лойиҳасида 43 минг нафар ҳамда “Мутолаа” лойиҳасида 181 минг нафардан ортиқ ёш қамраб олинди.
“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида эса 715 минг нафардан зиёд ёш иштирок этиб, ўз иқтидор ва салоҳиятини намоён этиш имкониятига эга бўлди.
2025–2026 ўқув йилида мактаб битирувчиларининг 789 нафари муддатидан олдин олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.
Қувонарлиси, уларнинг 10 нафари жаҳоннинг ТОП-50 талик рейтингига кирувчи нуфузли университетларга 100 фоизлик грант асосида талабаликка қабул қилинди.
Азиз ёшлар!
Санайверсак, ютуқларимиз кўп, натижаларимиз талай. Куни кеча давлатимиз раҳбарининг алоҳида Фармон ва қарорлари билан бир гуруҳ ёшларни мукофотлагани ва улар ичида вилоятимиз ёшлари ҳам борлиги бизга катта фахр ва ифтихор бағишлайди.
Хусусан, бир неча бор Халқаро олимпиадалар ғолиби, 2024 йилда Санк-Петербургда ўтказилган “Педиатрия келажаги” халқаро олимпиадасида 42 та жамоа орасида 1-ўринни эгаллаган ангренлик Ларин Евгений Алексеевич ҳамда Халқаро тоифадаги спорт устаси, юнон-рум кураши бўйича 7 карра Ўзбекистон чемпиони. 2022-йилда Италияда ўтказилган У-17 жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган Ўрта Чирчиқ фарзанди Халмаханов Айтжон Даниёр ўғлининг “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирлангани – ўйлайманки барчамизга чексиз қувонч улашди.
Қолаверса, Президент Фармонига кўра, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамиятининг Мис бойитиш фабрикаси янчиш ва флотациялаш цехи флотатори Юнусова Озода Улуғбек қизининг "Келажак бунёдкори" медали билан мукофотлангани – вилоятимиз қизларининг нималарга қодир эканини яққол намоён этди.
Фарзандларим!
Барчангиз оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб бораётганингиздек, бугун дунёнинг турли ҳудудларида мураккаб зиддиятлар, қонли тўқнашувлар, сиёсий ва мафкуравий қарама-қаршиликлар кучайиб бормоқда.
Геосиёсий вазиятнинг кескинлашуви, турли хавф ва таҳдидларнинг ортиши ҳар бир давлат ва халқдан янада ҳушёрлик ва бирдамлик талаб этмоқда.
Ана шундай таҳликали бир даврда жонажон Ўзбекистонимизда тинчлик ва осойишталик ҳукм сурмоқда. Юртимизда ҳар куни байрамона муҳит, маънавий-маърифий тадбирлар, концерт ва томошалар, тўй ҳамда қутлуғ тантаналар давом этмоқда.
Бу, шубҳасиз, халқимиз қадрлаган энг буюк неъмат — тинчлик ва барқарорлик туфайлидир.
Шу боис биз ана шу бебаҳо неъматни ҳар доим қадрлаб, унга шукроналик билан яшашимиз, атрофимизда юз бераётган воқеа-ҳодисалардан тўғри хулоса чиқаришимиз лозим.
Айниқса, сиз, азиз ёшлар, мамлакатимиз келажагининг ҳал қилувчи кучисиз. Сизларнинг билимингиз, дунёқарашингиз, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси ва юксак масъулиятингиз Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилади.
Бугун сизлар учун яратилаётган имкониятлар, очилаётган кенг йўллар ва амалга оширилаётган ислоҳотлардан унумли фойдаланиб, ўз олдингизга қўйган юксак мақсадлар сари дадил интилишингиз зарур.
Зеро, муҳтарам Президентимиз ёшларга қарата: “Маррани баланд олинг, келажак сизники”, деб катта ишонч билдирганлар.
Сизларни бугунги қутлуғ байрам — Ёшлар куни билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.
Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, эзгу орзу ва мақсадларингизга эришиш йўлида куч-ғайрат, шижоат, омад ва улкан зафарлар тилайман.
Байрамингиз муборак бўлсин!
